Ўзбекистон маҳсулотлари учун Европа ва АҚШ бозорларига йўл очилмоқда
Чехиялик экспорт трейдери Томаш Микиска иштирокида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мутахассислари томонидан маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда уни Европа Иттифоқи ва АҚШ бозорларига кенгайтириш масалалари юзасидан амалий ишлар олиб борилди.
Мазкур жараён доирасида Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган “Ideal”, “Diva Teks”, “Uztex” ва “Barrier Teks” каби йирик тўқимачилик корхоналарида ўрганиш ишлари ташкил этилди. Унда корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот сифати, халқаро стандартларга мувофиқлик даражаси, экспорт салоҳияти ҳамда логистика имкониятлари атрофлича таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда жаҳон бозорларида рақобат кучли бўлиб, маҳсулотларни экспорт қилишда сифат стандартлари ва сертификатлаштириш талаблари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Европа Иттифоқи ва АҚШ бозорлари талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш, сертификатлаштириш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда ташқи бозорларга чиқиш механизмларини янада ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Учрашувлар якунида маҳаллий корхоналар маҳсулотларини Европа Иттифоқи ва АҚШ бозорларига экспорт қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, амалий ишлар ва қўшма лойиҳаларни изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Бу каби ҳамкорлик алоқалари мамлакат тўқимачилик саноатининг халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар улушини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА