Ўзбекистон иссиқлик таъминотида Корея тажрибасидан фойдаланмоқда
Ўзбекистон–Жанубий Корея ҳамкорлиги доирасида иссиқлик таъминотини сунъий интеллект асосида мониторинг қилиш маркази ишга туширилди
Мамлакатимизда марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини комплекс модернизация қилиш, энергия ва ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда соҳани босқичма-босқич рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда «Иссиқликтаъминоти» АЖ хорижий компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Жумладан, жамият ҳамда Корея Республикасининг коммунал хўжалик ва «ақлли» бошқарув технологиялари соҳасида фаолият юритувчи Human Shift by Creative Meter Tech (HSCMT) компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланиб, иссиқлик таъминоти тизимига сунъий интеллект ва «ақлли» ўлчов технологияларини жорий этиш бўйича йирик пилот лойиҳа бошланди.

–Ҳамкорликнинг муҳим амалий натижаларидан бири сифатида «Иссиқликтаъминоти» АЖ марказий аппаратида иссиқлик таъминотини сунъий интеллект асосида мониторинг қилиш маркази ташкил этилди, – дейди “Иссиқликтаъминоти” АЖ бошқаруви раиси Илҳом Тўраев. – Келишувга мувофиқ, лойиҳанинг умумий қиймати 2,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур маблағлар Жанубий Корея томонининг беғараз ҳамда инвестиция маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган. Лойиҳа доирасида HSCMT компанияси томонидан иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти тизимларига юқори аниқликда ишловчи ультратовушли ҳисоблагичлар, автоматик бошқариладиган зулфинлар ҳамда бошқа замонавий ускуналар етказиб берилиб, ўрнатилади. Шунингдек, тизимдан келиб тушаётган маълумотларни чуқур таҳлил қилиш, иссиқлик исрофини аниқлаш ва эҳтимолий авария ҳолатларини олдиндан прогнозлаш имконини берувчи сунъий интеллект асосидаги дастурий мажмуа жорий этилади.

Келишув доирасида икки йил давомида тизимга техник хизмат кўрсатиш, узлуксиз мониторингни таъминлаш, шунингдек, маҳаллий муҳандис-техник ходимларнинг малакасини ошириш ва махсус ўқув-тренинглар ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Лойиҳани амалиётга самарали татбиқ этиш мақсадида HSCMT мутахассислари Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен ва Чирчиқ шаҳарларидаги марказлашган иссиқлик таъминоти тизимларини ўрганиб чиқди. Ўрганишлар давомида магистрал ва ички иссиқлик тармоқларининг техник ҳолати, уларнинг жисмоний эскириш даражаси, гидравлик ва иссиқлик режимлари, мавжуд бошқарув ҳамда диспетчерлик механизмлари таҳлил қилинди.

Таҳлиллар асосида сунъий интеллектга асосланган «ақлли» бошқарув тизимини синовдан ўтказиш учун Ангрен шаҳри пилот ҳудуд сифатида белгиланди. Шу билан бирга, пилот лойиҳа доирасида Олмалиқ, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида 10 та замонавий ультратовушли иссиқ сув ҳисоблагичи беғараз асосда ўрнатилди. Ушбу қурилмалардан олинаётган маълумотлар реал вақт режимида марказга узатилмоқда.
Янги технологиялар иссиқлик тармоқларидаги носозликларни эрта аниқлаш, аварияларнинг олдини олиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва иссиқлик йўқотишларини камайтиришда муҳим омил бўлади.

Пилот лойиҳанинг натижалари ижобий баҳоланган тақдирда, сунъий интеллект асосидаги мониторинг ва бошқарув тизимини мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.
Бу эса иссиқлик таъминоти соҳасида ягона рақамли мониторинг тизимини шакллантириш, тармоқлардаги иссиқлик исрофини камайтириш, ноқонуний уланишларни аниқлаш, авария ҳолатларига тезкор муносабат билдириш ва хизматлар сифатини ошириш имконини беради.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА