Ўзбекистон — Хитой туризм форуми ўз ишини бошлади
Хитойнинг Сиан шаҳрида ўтказилаётган “III Ўзбекистон — Хитой ҳудудлараро форуми” доирасида туризм соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган нуфузли форум бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда икки мамлакат ўртасида сайёҳлик алоқаларини кенгайтириш, қўшма туристик йўналишларни ривожлантириш ҳамда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов бошчилигида мамлакатимизда фаолият юритаётган 40 дан ортиқ етакчи туристик компания, туризм-рекреацион зоналар, сайёҳлик мажмуалари ва авиакомпания вакиллари иштирок этмоқда.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, “III Ўзбекистон — Хитой ҳудудлараро форуми”нинг бешта сессиясидан бирининг айнан туризм масалаларига бағишлангани икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликда мазкур соҳанинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.

Туризм қўмитаси раиси ўз нутқида хитойлик сайёҳлар учун янги ва жозибадор туристик йўналишларни кенгайтириш, Хитойнинг ўрта ва юқори сегментдаги брендлари асосида меҳмонхоналар очиш имкониятларини кўриб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм ҳудудларида курортлар, санаторийлар, фаол ва оилавий дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича таклифларни илгари сурди.
Шу билан бирга, Хитойнинг илғор технологиялари ва бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда тематик боғлар ва кўнгилочар мажмуалар барпо этиш, йирик халқаро тадбирларни Ўзбекистонга жалб қилиш ҳамда мамлакат ҳудудларида MICE туризм инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Форум доирасида Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳияти ва ҳудудлар имкониятларини намоён этувчи тақдимотлар ҳам ўтказилди. Хусусан, Бухоронинг тарихий-маданий мероси, Қашқадарё вилоятининг экотуризм ва зиёрат туризми имкониятлари, Самарқанднинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг замонавий туристик инфратузилмаси ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, Мираки дам олиш маскани, Arda Xiva туристик мажмуаси, Айдаркўл ҳудудидаги экотуризм йўналишлари ҳамда Amirsoy Mountain Resort тоғ-чанғи курортининг имкониятлари хорижий иштирокчиларга таништирилди.

Тақдимотлар давомида меҳмонларга Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги туристик маршрутлар, замонавий меҳмонхона ва сервис хизматлари, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Форум якунида икки мамлакатнинг 200 дан ортиқ туроператорлари ва туризм соҳаси вакиллари иштирокида B2B учрашувлари ташкил этилди. Унда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда мамлакатимизнинг туризм ва инвестициявий салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА