Ўзбекистон – Хитой қўшма стартап ва инновациялар марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ишончли мулоқот инновация ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Жумладан, стартап экотизимини ривожлантиришнинг аҳамияти ошмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов бошчилигидаги делегация вакиллари Хитой Халқ Республикасида “HICOOL” глобал инновация ва тадбиркорлик экотизими раҳбарияти билан расмий учрашув ўтказди.
Учрашувда “HICOOL” модели асосида қўшма инкубация ва акселерация дастурларини йўлга қўйиш, Ўзбекистон – Хитой қўшма стартап ва инновациялар марказини ташкил этиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус венчур фондини тузиш бўйича келишувларга эришилди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, “HICOOL” платформаси 2020 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирга қадар у дунёнинг 167 давлатидан 34 мингдан ортиқ стартапни бирлаштирган бўлиб, лойиҳа доирасида жами 7,4 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинган.
Мулоқот сўнгида хитойлик ҳамкорлар “InnoWeek.Uz – 2026” халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида иштирок этишга таклиф қилинди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА