Ўзбекистон – Хитой: илм-фан ва саноат интеграцияси янги босқичга чиқмоқда
Сўнгги йилларда жаҳонда доривор ўсимликлардан самарали фойдаланиш, уларни етиштиришнинг илмий асосларини такомиллаштириш ва қайта ишлаш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этишга бўлган эътибор ортиб бормоқда. Бу йўналиш фармацевтика ва кимё саноати ривожида муҳим омиллардан бири сифатида қаралади.
Шу сабабли, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, инновацион ечимлар асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш долзарб вазифалардан.
Пойтахтимизда ташкил этилган “Доривор ўсимликларни етиштириш ва улардан фойдаланишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги Ўзбекистон – Хитой халқаро симпозиумида айнан шу масалалар муҳокама марказида бўлди.
Икки томон олимлари, профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари, шунингдек, фармацевтика ҳамда кимё саноати вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда доривор ўсимликларни чуқур ўрганиш, уларни саноат эҳтиёжларига мос ҳолда етиштириш, қайта ишлаш технологияларини такомиллаштириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш истиқболлари муҳокама қилинди.
Айниқса, муҳокамалар жараёнида илмий тадқиқотлар натижаларини иқтисодиётнинг реал секторига татбиқ этиш, инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий қилиш ва соҳада илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда нафақат фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, балки уларнинг амалий самарадорлигини таъминлаш, иқтисодий ва саноат натижадорлигини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Симпозиумда “Ўзкимёсаноат” АЖнинг инновация ва янги технологияларни жорий этиш бўлими вакиллари ҳам иштирок этди. Улар илм-фан соҳасидаги замонавий ечимларни ишлаб чиқариш жараёнларига интеграция қилиш, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан ўз қарашларини билдирди.
– Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида юқори технологияли, импорт ўрнини босувчи ва экспорт салоҳияти юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу жараёнда маҳаллий хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш, илмий тадқиқотлар натижаларини саноатга жорий этиш ва инновацион ёндашувларни қўллаш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур халқаро симпозиум эса доривор ўсимликлар соҳасидаги илмий ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиз кимё ва фармацевтика саноатининг рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилади, – деди жамият бош мутахассиси Даврон Қорабоев.
Таъкидлаш керакки, симпозиум икки мамлакат мутахассислари учун тажриба алмашиш, амалий аҳамиятга эга илмий ишланмаларни муҳокама қилиш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни шакллантиришга хизмат қилувчи самарали мулоқот майдони вазифасини ўтади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА