Ўзбекистон-Хитой: AI, IT ва таълимда ҳамкорлик кенгаймоқда
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Сзюнь билан учрашиб, сунъий интеллект йўналишидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Суҳбат давомида Сунъий интеллект бўйича Бутунжаҳон ҳамкорлик ташкилоти (WAICO) доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ташкилот фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш ва икки мамлакат ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар ахборот технологияларини ривожлантиришда халқаро ҳамкорликнинг ўрни катта эканини таъкидлаб, маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам биргаликда ишлаш имкониятларини муҳокама қилди.
Таълим соҳаси ҳам эътибордан четда қолмади. Хитойнинг етакчи университетлари билан алоқалар ўрнатиш, олий таълим муассасаларида ахборот технологиялари бўйича ўқув дастурларини янгилаш ва дарсликларни такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди. Бу эса келгусида замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашга хизмат қилиши мумкин.

Учрашувда Ўзбекистоннинг WAICO доирасидаги имкониятларидан самарали фойдаланиш, ташкилот ишларида фаол қатнашиш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни илгари суриш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, икки мамлакат компаниялари ўртасида сунъий интеллект бўйича ҳамкорликни кучайтириш, Хитойнинг йирик технологик компанияларини Ўзбекистон бозорига жалб қилиш ва мамлакатимизни минтақадаги муҳим технологик ҳамкорлик марказларидан бирига айлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мазкур учрашув рақамли технологиялар, таълим ва инновациялар соҳасида Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини кенгайтириш учун янги имкониятларни очишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА