Ўзбекистон – Ҳиндистон: таълимдаги ҳамкорлик
Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва Ачаря университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан Ачаря университети тажрибасини малака ошириш ва қайта тайёрлов тизимига татбиқ этиш мақсадида мазкур университет билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Бухоро вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида Ачаря университети раҳбарияти билан бўлган учрашув чоғида имзоланган меморандум ушбу ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси бўлди. Меморандум доирасида Ачаря университетининг хорижлик профессор-ўқитувчилари томонидан вилоятдаги информатика, инглиз тили ва математика фани ўқитувчилари учун малака ошириш курслари ташкил этилиб, ушбу курсларга бир йилда 1600 нафар ўқитувчилар жалб этилиши режалаштирилди.

Бухоро вилояти Қоракўл туманида Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Ачаря университети филиали фаолият олиб бормоқда. Халқаро IТ университети саналган мазкур даргоҳда сунъий интеллект, маълумотлар фани, киберхавфсизлик, бизнес таҳлил ва бошқа йўналишлар бўйича мукаммал билим олиш имконияти мавжуд.
Педагогларнинг 70 фоизи хориждан, аниқроғи, Ҳиндистоннинг ўзидан келиб таълим беради. Маҳаллий ўқитувчилар эса Ҳиндистонда малака оширишади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.