Ўзбекистон Халқаро электротехника комиссиясининг тўлақонли аъзосига айланди
Ўзбекистон халқаро стандартлаштириш соҳасида яна бир муҳим ютуққа эришди. Халқаро электротехника комиссияси (IEC)нинг тегишли қарорига мувофиқ, мамлакатимиз 2027 йил 1 январдан бошлаб ушбу нуфузли ташкилотнинг тўлақонли аъзоси мақомини қўлга киритди.
Овоз бериш жараёнида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Канада, Австралия, Туркия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон каби 46 мамлакат Ўзбекистоннинг тўлақонли аъзолигини қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, IEC Бош котиби Филипп Мецгернинг жорий йил август ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи тасдиқлангани мазкур ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Мутахассислар таъкидлашича, Ўзбекистоннинг IECга тўлақонли аъзо бўлиши мамлакат электротехника саноати, стандартлаштириш тизими ва экспорт салоҳияти учун муҳим имкониятлар эшигини очади.
Эндиликда миллий стандартларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш, электротехника маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш жараёнлари янада тезлашади.
Тўлақонли аъзолик Ўзбекистонга IEC Бош ассамблеясида расмий овоз бериш ҳуқуқини беради. Бу эса мамлакатнинг халқаро стандартлар сиёсати шакллантирилишида бевосита иштирок этиши ва ўз позициясини илгари суриш имконини яратади.
Шу билан бирга, ўзбекистонлик мутахассислар ташкилотнинг техник қўмиталари ва ишчи гуруҳлари фаолиятида тўлиқ иштирок этиб, янги стандартларни ишлаб чиқиш жараёнида миллий иқтисодиёт ва саноат манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади.
IECга тўлақонли аъзолик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун халқаро бозорларга чиқишдаги техник тўсиқларни қисқартиришга хизмат қилади. Айниқса, IECEE, IECEx, IECQ ва IECRE каби халқаро мувофиқликни баҳолаш тизимларида иштирок этиш маҳаллий лабораториялар томонидан берилган синов баённомалари ва сертификатларнинг бошқа давлатларда ҳам тан олинишини таъминлайди.
Бу эса маҳсулотларни экспорт қилиш жараёнини енгиллаштириб, ортиқча харажатлар ва вақт сарфини камайтиради.
Мазкур қарор нафақат электротехника тармоғи, балки саноатнинг бошқа соҳаларида ҳам халқаро стандартларни жорий этиш жараёнларини жадаллаштириши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА