Ўзбекистон – Грузия: икки томонлама ҳамкорлик ривожланишининг янги йўналишлари
Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги шериклик солномаси иттифоқчилик мажбуриятлари ёки тарихий ришталар билан боғланмаган мамлакатлар бир-бирида ҳақиқий стратегик ҳамкор топа олишига ёрқин мисол бўла олади.
Бугун Жанубий Кавказ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бундай ёндашув Тошкентнинг ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсатини акс эттиради. Шу нуқтаи назардан, Жанубий Кавказ давлатлари Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсиши, республиканинг транспорт-логистика имкониятлари кенгайиши ва унинг ташқи иқтисодий салоҳияти ошишига кўмаклашувчи муҳим шериклар сифатида кўрилади.
Жанубий Кавказ минтақасининг тобора ортиб бораётган аҳамияти унинг Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги табиий кўприк сифатидаги ўрни билан белгиланади. Халқаро логистика ўзгариб, янги транспорт-иқтисодий йўналишлар шаклланаётган шароитда бу янада муҳим аҳамият касб этмоқда ва Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан амалий ҳамкорликка қизиқиши тобора ортмоқда.
Ушбу стратегияда юқори транзит салоҳияти, замонавий транспорт инфратузилмаси ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш учун қулай шароитларга эга бўлган Грузия алоҳида ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дипломатик муносабатлар мустақилликнинг илк йилларидаёқ ўрнатилганига қарамасдан, қарийб йигирма йил давомида муносабатлар секин ривожланди: товар айирбошлаш йилига 30-50 миллион доллар оралиғида тебраниб турди, олий даражадаги алоқалар суст, қўшма лойиҳалар эса саноқли эди.
2017 йилдан кейинги давр ўзаро муносабатларда туб бурилиш ясади. Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқлик ҳамда минтақавий ва глобал иқтисодий жараёнларга фаол интеграциялашув йўлидан борди. Бу стратегия доирасида Жанубий Кавказ Тошкент учун муҳим ташқи сиёсий йўналишга айланди. Муносабатларни тизимли қайта кўриб чиқиш талаб этиладиган шериклар қаторида Грузия ҳам бор эди.
2017 йил сентябрь ойида 15 йиллик танаффусдан кейинги илк олий даражадаги мулоқот бўлиб ўтди. Ўшанда Ўзбекистон Президенти Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессияси доирасида Грузиянинг ўша вақтдаги Бош вазири Георгий Квирикашвилини қабул қилган эди. Ушбу учрашув ҳамкорликни фаоллаштиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини англатувчи муҳим сиёсий ишора бўлиб, барча даражадаги алоқаларни янада кенгайтиришга замин яратди.
Натижада кейинги йилларда сиёсий ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб борди. Хусусан, парламентлараро, ҳукумат ва ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ўртасида алоқалар йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ҳар йили Грузия ва Ўзбекистон бош вазирларининг расмий музокаралари ўтказиб келинмоқда. 2023 йилда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов расмий ташриф билан Грузияда бўлди. 2025 йилда эса Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти билан музокаралар, шунингдек, ҳукумат раҳбарлари даражасида ҳамда Ўзбекистон Олий Мажлисининг иккала палатаси раҳбарияти билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Сиёсий мулоқотнинг изчил мустаҳкамланиши Ўзбекистон-Грузия алоқаларининг босқичма-босқич ривожланиши учун мустаҳкам институционал пойдевор шакллантириш имконини берди. Бу жараёнда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳал қилувчи ўрин тутади. Унинг фаолияти эришилган келишувларни амалда татбиқ этиш, мавжуд тўсиқларни бартараф қилиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга қаратилган.
Мавжуд шериклик механизмларининг самарадорлиги асосий иқтисодий кўрсаткичларнинг барқарор ижобий суръати билан тасдиқланади. Бу, энг аввало, ўзаро савдо ҳажмида ўз аксини топмоқда. Сўнгги 9 йилда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ўсиб, 2025 йилда 267 миллион доллардан ошди. Таққослаш учун, 2017 йилда бу кўрсаткич атиги 89,1 миллион долларни ташкил этган. Савдо муносабатларининг энг юқори даражаси 2024 йилга тўғри келди. Ўша йили савдо айланмаси олдинги йилга нисбатан қарийб 50 фоизга ўсиб, рекорд даража – 326 миллион долларга етди.
Эътиборлиси, ўсиш нафақат савдо ҳажмининг ортиши, балки унинг таркибини диверсификация қилиш ҳисобига ҳам таъминланмоқда. Агар илгари товар айланмаси айрим турдаги маҳсулотлардан иборат бўлган бўлса, бугунги кунда савдо номенклатураси босқичма-босқич кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Грузияга саноат товарлари (рангли металлар, мис сим, электротехника ускуналари), озиқ-овқат (дуккаклилар, мевалар, тамаки), кимё маҳсулотлари (полимерлар) етказиб бермоқда. Грузия эса, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, фармацевтика, қурилиш материаллари ва металл буюмларини экспорт қиляпти.
Икки мамлакат ишбилармон доираларининг инвестициявий фаоллиги савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаяётганининг муҳим кўрсаткичига айланди. Бу қўшма корхоналарнинг сони ортаётганида намоён бўлмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Грузия капитали иштирокида 100 га яқин корхона фаолият юритаётган бўлса, Грузияда 140 дан ортиқ ўзбек компанияси иш олиб бормоқда. Бу ишбилармон доиралар ўртасидаги ўзаро ишонч даражаси ортиб бораётгани, улар ҳар икки давлат бозорида узоқ муддатли фаолият олиб боришдан манфаатдор эканини кўрсатади.
Иқтисодий ҳамкорликда ижобий суръат сақланиб қолаётган экан, демак, савдо моделидан янада чуқурроқ ишлаб чиқариш ва инвестициявий кооперацияга ўтиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд, дейишга барча асосларимиз бор. Бунда иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи афзалликларга эга бўлган тўқимачилик саноати, агросаноат мажмуаси, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, фармацевтика, қурилиш саноати ва хизмат кўрсатиш соҳалари энг истиқболли йўналишлар бўлиши мумкин.
Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Европа ўртасида транспорт-логистика алоқалари кенгайиши Ўзбекистон-Грузия муносабатларининг асосий ўлчовларидан биридир. Айнан ушбу йўналишда икки давлат манфаатлари ўзаро энг уйғун тарзда бирлашади.
Ўзбекистон учун Европа бозорларига чиқишда Грузия транспорт инфратузилмасидан фойдаланиш алоҳида қизиқиш уйғотади. Поти ва Батуми портлари ушбу логистика занжирининг муҳим бўғинлари ҳисобланади. Грузия учун эса Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларидан келадиган юк оқимининг ортиши Осиё давлатлари билан савдо алоқаларини кенгайтириш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази мутахассисларига кўра, икки томонлама юк ташишда ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги умумий юк ташиш ҳажми 146,8 минг тоннага етди. Бунда экспорт ташувлари 27 фоизга – 53,4 минг тоннагача, импорт ташувлари эса 26 фоизга ўсиб, 71,5 минг тоннани ташкил этди.
Шу маънода, Ўрта йўлакни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги кунда у маршрутларни диверсификация қилиш ва халқаро савдони ривожлантириш учун янги имкониятлар очадиган, Евроосиёнинг энг истиқболли транспорт бўғинларидан бири сифатида кўрилмоқда. Биргина сўнгги беш йил ичида Ўзбекистоннинг ушбу йўналиш бўйича ташқи савдо юк ташиш ҳажми икки баробарга ошиб, 2025 йил якунига кўра 1,2 миллион тоннага етди.
Ўзбекистон ва Грузиянинг мазкур йўналишдаги ҳамкорлиги мавжуд транспорт инфратузилмасидан базавий фойдаланиш босқичидан ўз логистика базасини яратишга ўтмоқда. Бунга Ўзбекистон томонидан Поти эркин саноат зонасида кўп тармоқли логистика терминали қурилаётгани яққол мисол бўла олади. Лойиҳа доирасида қарийб 30 гектар майдонда контейнер, умумий, сочма ва тез айнийдиган товарлар каби турли тоифадаги юклар билан ишлашга мўлжалланган замонавий омборхона мажмуасини барпо этиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа ҳаётга татбиқ этилса, Ўзбекистон маҳсулотларини Европа йўналишида етказиб беришни таъминлаш учун муҳим логистика бўғинини яратиш имконияти пайдо бўлади. Шу билан бирга, терминал тескари юк оқимларини ташкил этиш учун ҳам фойдаланилади ва бу нафақат Ўзбекистон билан Грузия, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан ҳам савдо ҳажмини оширишга ёрдам беради.
Айнан транспорт-логистика соҳасидаги шериклик яқин йилларда Ўзбекистон-Грузия муносабатларининг асосий драйверига айланиш учун энг катта салоҳиятга эга. Агар ҳозирги босқичда томонлар савдо ва инфратузилмани янгилашга эътибор қаратаётган бўлса, узоқ муддатли истиқболдаги мақсад Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Европа бозорлари ўртасида тўлақонли иқтисодий йўлак яратишдан иборат.
Ушбу йирик йўналишларнинг ривожланиши билан бирга, одамлар ўртасидаги алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Сўнгги йилларда икки мамлакат фуқароларининг сайёҳлик сафарларига ўзаро қизиқиши сезиларли даражада ортди. Тошкентдан Тбилиси ва Батумига ҳафтасига 13 маротаба тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилаётгани натижасида Грузияга бораётган ўзбекистонлик сайёҳлар сони 2025 йилда 21,5 минг нафардан ортди.
Ўз навбатида, Самарқанд, Бухоро, Хива ва мамлакатимизнинг бошқа қадимий шаҳарларидаги ноёб маданий мерос билан танишишни истаган грузиялик сайёҳларда ҳам Ўзбекистонга қизиқиш тобора ортмоқда. Сўнгги 7 йил ичида Грузиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими 2,5 баробардан зиёдга ўсиб, 2019 йилдаги 3 минг кишидан 2025 йилга келиб 6,8 минг кишига етди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиш босқичида турибди. Агар бундан ўн йил аввал ҳамкорлик асосан дипломатик ва чекланган савдо алоқаларидан иборат бўлган бўлса, бугун, кўриб турганимиздек, сиёсий, иқтисодий, транспорт ва гуманитар соҳаларни қамраб олувчи шерикликнинг янги формати шаклланмоқда.
Ҳамкорликнинг халқаро иқтисодиёт ва логистикадаги катта ўзгаришлар шароитида рўй бераётгани алоҳида аҳамият касб этади. Осиё ва Европа ўртасида янги транспорт йўналишлари шаклланаётган бир пайтда Ўзбекистон ва Грузия объектив жиҳатдан ягона ўзаро боғлиқлик маконининг муҳим элементларига айланмоқда.
Ўрта муддатли истиқболда бу салоҳиятнинг рўёбга чиқиши томонларнинг сиёсий иродани иқтисодий манфаатдорлик билан мустаҳкамлашга қай даражада тайёр эканига боғлиқ бўлади. Бундай ёндашув Ўзбекистон ва Грузия шериклигини янги амалий мазмун билан тўлдириб, прагматизм, ўзаро ишонч ва барқарор ривожланиш йўлидаги умумий интилишга асосланган ҳамкорликнинг мустаҳкам моделини яратишга имкон беради.
Миразиз Мирумаров,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими