Ўзбекистон глобал сув ҳамжамияти билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Стокгольмда давом этаётган Бутунжаҳон сув ҳафталиги Ўзбекистоннинг халқаро шериклар билан мулоқотини янада фаоллаштириш учун муҳим майдонга айланмоқда. Тадбир доирасида мамлакатимиз делегацияси сув дипломатияси, таълим, илмий изланишлар ва мутахассислар салоҳиятини ошириш бўйича бир қатор музокаралар ўтказди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбоев Уппсала университети Тинчлик ва низоларни ўрганиш департаменти раҳбари, профессор Ашок Свайн билан фикр алмашди.

Унда сув дипломатияси йўналишида замонавий билимларга эга кадрларни тайёрлаш, университетлараро таълим лойиҳаларини амалга ошириш, илмий тадқиқотларда ҳамкорлик қилиш ва академик мобилликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, юртимизда “Халқаро сув дипломатияси” магистратура дастури йўлга қўйилгани, “Сувчилар мактаби”да эса 90 мингдан зиёд мутахассис ва фермернинг малакаси оширилгани маълум қилинди.
Шундан сўнг Уппсала университети ҳамда “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди. Унга кўра, томонлар сув ва иқлим дипломатияси, чегаралараро сув масалалари, мутахассислар тайёрлаш ҳамда ўзаро академик алоқаларни ривожлантиради.

Тимур Бутунбоев БМТ Университети ректори, БМТ Бош котиби ўринбосари, профессор Тшилидзи Марвала билан учрашиб, сув соҳасида илмий ҳамкорлик, қўшма тадқиқотлар ва малакали кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ислоҳотларни илмий ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI/CGIAR) раҳбарияти билан мулоқот ҳам амалий аҳамият касб этди. Институт бош директори Марк Смит ва “Сув, иқтисодий ўсиш ва инклюзивлик” стратегик дастури директори Инга Жейкобс-Мата билан суҳбатда қишлоқ хўжалигида сувдан унумли фойдаланиш, рақамли бошқарув воситаларини татбиқ этиш ва илмий ёндашувларга асосланган ечимларни кенг жорий қилиш масалаларига урғу берилди.

Музокаралар чоғида IWMI раҳбарияти Ўзбекистонда олиб борилаётган ўзгаришларни ижобий баҳолаб, мамлакатдаги ташаббуслар халқаро тажриба учун ҳам аҳамиятли эканини қайд этди. Учрашув сўнгида институт вакиллари жорий йил кузида Самарқандда ташкил этиладиган Сувни тежаш бўйича халқаро форумда иштирок этишга таклиф қилинди.
Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизматига кўра, Бутунжаҳон сув ҳафталиги доирасидаги мулоқотлар Ўзбекистоннинг глобал сув ҳамжамияти билан алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро тажрибани миллий ислоҳотларга татбиқ этиш ва илмий-таълимий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш борасида изчил қадамлар ташлаётганини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон сув ҳафталиги ўз ишини давом эттирмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА