Ўзбекистон футболида Британия тажрибаси ўрганилади
Ўзбекистон футболида бошқарув самарадорлигини ошириш, ёш футболчиларни халқаро майдонга олиб чиқиш ва илғор хорижий тажрибани жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) масъуллари Буюк Британиянинг «Blue Sky Sports» футбол агентлиги директори Ричард Крессвелл билан видеомулоқот ўтказди.
Мулоқот давомида иқтидорли ёш футболчиларнинг хорижий клублар ва академияларда профессионал маҳорат ошириши учун имкониятларни кенгайтириш, футболчиларни саралаш ва ривожлантириш, трансфер жараёнларини бошқаришда замонавий ёндашувларни қўллаш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Буюк Британиянинг футболни бошқариш ва ривожлантириш тажрибасини ўрганиш, уни миллий тизимга мослаштириш ҳамда ЎФА ҳузурида халқаро стандартлар асосида фаолият юритувчи лойиҳа офисини ташкил этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда футбол соҳасидаги лойиҳалар самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорларни жалб этиш ва аниқ натижаларга йўналтирилган бошқарув механизмларини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
Маълумот учун, «Blue Sky Sports» футболчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, трансфер ва шартнома жараёнларини бошқариш, шунингдек, клублар, инвесторлар ва брендларга консалтинг хизматларини кўрсатишга ихтисослашган. Компания маълумотларига кўра, унинг халқаро фаолияти тўққиздан ортиқ мамлакатни қамраб олади, профессионал алоқалари эса 15 дан ортиқ мамлакат билан боғланган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА