Ўзбекистон делегацияси Осиё тоза энергия форумида иштирок этди
Бугунги кунда дунё миқёсида энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳамда “яшил” иқтисодиёт тамойилларига ўтиш масалалари давлатлар энергетика сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Шу сабабли, Осиё ва Тинч океани минтақасида энергия хавфсизлигини таъминлаш ҳамда замонавий, тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича халқаро ҳамкорлик изчил кенгайиб бормоқда.
Филиппиннинг Манила шаҳрида бўлиб ўтган “Осиё тоза энергия форуми-2026” (ACEF) ҳам соҳадаги ана шундай энг йирик халқаро мулоқот майдонларидан бири сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу нуфузли форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, соҳага оид илғор тажрибалар, инновацион ёндашувлар ҳамда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича халқаро муҳокамаларда қатнашди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси таркибида энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ҳам иштирок этди.
Мазкур форум Осиё тараққиёт банкининг 60 йиллик фаолияти доирасида ўтказилаётган нуфузли халқаро тадбирлардан бири бўлиб, у Осиё ва Тинч океани минтақасида тоза, хавфсиз ва барқарор энергетика тизимларини ривожлантириш масалаларини илгари суришга хизмат қилади.
Унда ҳукумат вакиллари, халқаро молия институтлари, хусусий сектор, илмий доиралар ҳамда ривожланиш бўйича ҳамкор ташкилотлар иштирок этиб, энергетика соҳасидаги янги имкониятлар ва истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, тоза энергетикага ўтиш жараёнларини жадаллаштириш, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда рақамли технологиялар асосида “ақлли энергетика” тизимларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Агентликка кўра, ушбу тадбирда иштирок этиш Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда “яшил”энергетика йўналишидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА