Ўзбекистон делегацияси МДҲ Ҳукуматлараро кенгашининг XXIX сессиясида иштирок этди
Ер қаърини геологик ўрганиш, минерал хомашё базасини кенгайтириш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш геология соҳасининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнда замонавий технологияларни жорий этиш, геологик маълумотларни рақамлаштириш ҳамда халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш алоҳида аҳамиятга эга.
МДҲ доирасида ҳам ушбу йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш, давлатлар геологик хизматлари ўртасида тажриба ва ахборот алмашинувини йўлга қўйишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Минск шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг ер қаъриларини қидириш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро кенгашининг XXIX сессияси бўлиб ўтди.

Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Ҳудудий ва руда геологияси бўлими раҳбари Нафиса Дўлабова бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Сессияда Ҳукуматлараро кенгашнинг 2023-2030 йилларга мўлжалланган истиқболлар режаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тақдим этилди.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари мамлакатда геологик тадқиқотларни ривожлантириш, рақамли геологик хариталарни яратиш ҳамда ягона миллий геологик маълумотлар базасини шакллантириш борасида эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.

Тадбир давомида ер қаъриларини геологик ўрганиш, соҳани рақамлаштириш ва МДҲ давлатлари геологик хизматлари ўртасида ахборот алмашинувини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар мазкур йўналишлардаги тажрибалари билан ўртоқлашди.
Сессия якунида геология соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба ва ахборот алмашинувини кенгайтириш бўйича кейинги устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА