Ўзбекистон давлат харидлари тизими халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (UNDP)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш, соҳада халқаро тажрибани кенг жорий этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида томонлар ўзаро танишув ўтказиб, ҳозирги кунда амалга оширилаётган ҳамкорлик йўналишлари, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар давомида давлат харидлари тизимини институционал жиҳатдан ривожлантириш, соҳада сертификатлаш тизимини такомиллаштириш, мутахассисларнинг касбий салоҳияти ва малакасини ошириш, шунингдек, халқаро илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва самарадорликни оширишга қаратилган замонавий ёндашувларни жорий этиш, институционал имкониятларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишларда ҳамкорликни изчил давом эттириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни белгилаш юзасидан ўзаро келишувга эришди.
Таъкидлаш жоизки, БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорлик давлат харидлари тизимида халқаро стандартларни жорий этиш, очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, соҳанинг институционал салоҳиятини ошириш ҳамда замонавий бошқарув механизмларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА