Ўзбекистон БРМга эришиш борасида қандай натижаларга эришмоқда?
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (Sustainable Development Solutions Network - SDSN) делегацияси иштирокида барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш борасидаги миллий ва ҳудудий тараққиётни баҳолаш ҳамда мониторинг қилиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро ташкилотлар, тараққиёт бўйича ҳамкорлар ҳамда барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро экспертлар иштирок этди.
Унда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев, Франция тараққиёт агентлигининг (AFD) Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Оливье Грандуане ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатда БРМга эришиш борасидаги натижалар, устувор вазифалар ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш натижаларини баҳолаш, мониторинг механизмларини такомиллаштириш, ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичларни таҳлил қилиш ва халқаро тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда семинарда SDSN экспертлари томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари индекси (SDG Index) методологияси, кўрсаткичларни танлаш ва баҳолаш, маълумотларни меъёрлаштириш ҳамда умумлаштириш, шунингдек, тараққиёт тенденцияларини мониторинг қилиш усуллари тақдим этилди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган барқарор ривожланиш кун тартиби миллий устуворликлар ва амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. Барқарор ривожланиш иқтисодий ўсиш, ижтимоий тараққиёт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали давлат бошқарувини уйғунлаштирган комплекс ёндашувни талаб этади.

– Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, шунингдек, устувор йўналишларни миллий сиёсат ва стратегияларга интеграция қилишда муҳим ўрин тутади. Бунда нафақат эришилган натижаларни баҳолаш, балки мониторинг маълумотлари асосида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун ишончли маълумотлар, самарали кўрсаткичлар, шаффоф ҳисобот тизими ҳамда давлат идоралари, статистика органлари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик зарур.
SDSN томонидан тақдим этилаётган Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш ҳисоботи лойиҳаси мамлакатда эришилган натижаларни баҳолаш, қўшимча эътибор талаб этадиган соҳаларни аниқлаш ва келгуси устувор вазифаларни белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Ҳисобот хулосалари, методологияси ва тавсияларини очиқ муҳокама қилиш давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва тараққиёт бўйича ҳамкорлар ўртасида конструктив мулоқотни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш соҳасидаги муаммо ва имкониятларни чуқурроқ ўрганишга хизмат қилади, – деди У. Обидхўжаев.
Шунингдек, семинарда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш соҳасидаги натижаларини таҳлил қилиш, миллий ва ҳудудий даражадаги кўрсаткичлар ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш ҳамда мавжуд маълумотлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. БРМ кўрсаткичларини мониторинг қилишда географик ахборот тизимлари ва масофадан зондлаш технологияларидан фойдаланиш, жумладан, ер деградациясини баҳолаш бўйича халқаро ёндашувлар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бундан ташқари, ҳисоботларни тайёрлаш, БРМ ижросини баҳолашнинг миллий тизимини халқаро ёндашувлар билан уйғунлаштириш ва ҳудудлар кесимидаги маълумотлар сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Франция тараққиёт агентлигининг (AFD) Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Оливье Грандуаненинг таъкидлашича, Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида сезиларли натижаларга эришган.
– Барқарор ривожланишни холис баҳолаш, ҳудудлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва экологик тафовутларни аниқлаш ҳамда уларга мос ечимларни ишлаб чиқиш муҳим. SDSN томонидан барча 14 та ҳудудни, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрини қамраб олган ҳолда ўтказилаётган баҳолаш мамлакатдаги тараққиётни чуқурроқ таҳлил қилиш имконини беради. Расмий статистикани сунъий йўлдош тасвирлари ва геофазовий маълумотлар билан бирлаштириш ҳудудий даражадаги натижаларни аниқроқ ўлчашга хизмат қилади. Шунингдек, яшил ва инклюзив иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш, сув таъминоти ва канализация инфратузилмасини ривожлантириш, энергетика тизимини модернизация қилиш, барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда Оролбўйи ҳудудидаги жамоалар барқарорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга, – деди Оливье Грандуане.
Тадбир якунида иштирокчилар БРМ мониторинги жараёнида давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш амалиётини кенгайтириш ҳамда илғор халқаро тажрибани миллий шароитга мослаштириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА