Ўзбекистон – Беларусь: кўп қиррали шериклик мустаҳкамланмоқда
Беларуснинг етакчи давлат ахборот агентлиги ҳисобланган БелТА Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга ташрифини кенг ёритмоқда. Жумладан, бир мақолада Бош вазир ўринбосари Юрий Шулейконинг Беларусь ва Ўзбекистон минтақалари 3-форуми ялпи мажлисида сўзлаган нутқидан қуйидаги иқтибос келтирилган:
– Биз Беларусь ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг ҳозирги даражасини юқори баҳолаймиз – бу ўзаро ҳурмат, дўстлик, ишонч ва қўллаб-қувватлашнинг муносиб намунасидир. Ўзбекистон биз учун ишончли дўст ва вақт синовидан ўтган шерик. Бундай изчилликнинг асоси энг юқори даражадаги анъанавий, ишончли ва мазмунли мулоқотдир.
Дарҳақиқат, икки давлат раҳбарлари саъй ҳаракати билан алоқалар иқтисодиётнинг кўплаб муҳим соҳаларида юқори кўрсаткич қайд этмоқда. Бу ҳолат айниқса озиқ-овқат, ёғочга ишлов бериш, машинасозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги, логистика тармоқларида яққол кўзга ташланмоқда. Масалан, БелТА расмий маълумотга таяниб хабар беришича, Беларусь Ўзбекистонга гўшт маҳсулотлари етказиб беришни 2026 йил қарийб 25 фоиз оширган.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири ўринбосари Александр Яковчиц таъкидлаганидек, Беларусь сут ва гўшт ишлаб чиқаришда кенг тажрибага эга қишлоқ хўжалиги мамлакатидир.
– Ўтган йил 9,2 миллион тонна сут ва 1,7 миллион тонна гўшт ишлаб чиқардик, – дейди мулозим. – Беларусь сут экспорт қилувчи етакчи ўн давлат қаторида туради. Биз 69 мамлакатга турли маҳсулот кўринишида 6 миллион тонна сут сотяпмиз. Умуман, озиқ-овқат экспорти географияси 117 давлатни қамраб олган ва бу жараёнда Ўзбекистон устувор ҳамкорларимиздан бири.
Таъкидланишича, жорий йил дастлабки тўрт ойида юртимизга ушбу давлатдан жўнатилган хом гўшт 23,8 фоиз, колбаса ва тайёр гўшт маҳсулотлари қарийб 2,5 баробар, парранда гўшти 20 фоиз ортган. Сут маҳсулотлари бўйича ҳам ўсиш кузатилган: сариёғ 2,3 баробар, ёғсиз сут кукуни 4,2 карра. Пишлоқ ва шакар экспорти ҳам сезиларли даражада кўпайган.
Мамлакатлар ушбу анъанани икки томонлама ривожлантириш ниятида. 26 июнь куни Беларусь Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли агентлиги ўртасида ҳаракатлар режаси имзоланиши бу йўлдаги ҳал қилувчи қадамлардан биридир.
Мамлакатимиз ўртасида тобора ривожланаётган тармоқлардан яна бири туризм ҳисобланади. Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси маълумотида келтирилишича, 2025 йил давомида 32 000 дан зиёд Беларусь фуқароси Ўзбекистонга борган. Жорий йил ҳам ижобий тенденция давом этиб, 2026 йил январидан майгача 14 251 нафарни ташкил қилди. Ҳолбуки, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 12 988 эди.
Соҳа мутахассислари фикрича, диёримизга беларуслик сайёҳлар қизиқиши ортиши мамлакатимиз сайёҳлик таклифидаги ижобий ўзгариш билан боғлиқ. Дарҳақиқат, бу гапда жон бор. Зеро, бир неча йил олдин республикамиз асосан Буюк Ипак йўли тарихий шаҳарларини ўрганиш йўналишидаги манзил сифатида қабул қилинган. Энди эса сайёҳлар хилма-хил таътил имкониятидан фойдаланмоқда.
– Маданият ва таълим йўналишлари қатори гастрономик, экологик, зиёрат, тадбир ва тоғ туризми фаол ривожланаётгани турли тоифадаги сайёҳларни жалб қилиш баробарида такрорий саёҳатни ҳам рағбатлантирмоқда, – дея таъкидланган элчихона баёнотида. – Сўнгги йилларда туризм ҳамкорлиги нафақат идоралар аро, балки сайёҳлик компаниялари, таълим муассасалари ва меҳмондўстлик саноати вакиллари ўртасидаги алоқалар орқали ҳам жадал ривожланмоқда. Тажриба кўрсатмоқдаки, алмашинув барқарор ўсиши алоҳида лойиҳалар эмас, балки икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланиши натижасидир. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида туризм соҳасидаги муносабат давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, бизнес фаолияти ва фуқароларнинг ўзаро манфаатли, узоқ муддатли ҳамкорлиги шаклланаётгани намуна сифатида намоён бўлмоқда.
Давлатларимиз шериклигида қурилиш материаллари ҳам тобора муҳим ўрин тутмоқда.
“Беллесбумпром” концерни раиси ўринбосари Сергей Касянов Минтақалар форумида Ўзбекистонга ёғоч ишлови экспорти кейинги йилларда ўн баробар ошганини маълум қилди.
– Биз ҳамкорликни ривожлантиришга доим содиқмиз, – дея таъкидлади Касянов ўз чиқишида.
Анжуманда мамлакатимиз томонидан Мебел ва ёғочга ишлов бериш саноати ассоциацияси раҳбарияти ва ёғочга ишлов бериш компаниялари ходимлари иштирок этди. Беларусь томонидан эса саноат корхоналари, Ўрмон хўжалиги вазирлиги, Универсал товар биржаси ва Давлат технология университети вакиллари қатнашди.
Томонлар фикрича, айни йўналишда ҳали ишга солинмаган имконият бисёр. Демак, кейинги режа мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш орқали самарадорликни ошириш.
С.Раҳимов, ЎзА