Ўзбекистон-Беларусь: Ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари
Жорий йил 16-18 июнь кунлари Тошкентда Халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Уч кун давом этган анжуман мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида йилнинг энг йирик воқеаларидан бўлди, десак муболаға эмас. Тадбирда 100 га яқин мамлакатдан глобал бизнес, суверен бойлик фондлари, ривожланиш банклари ва ҳукуматлар вакиллари иштирок этди. Таъкидлаш жоиз, бу Марказий Осиёнинг халқаро инвестиция бозоридаги ролини ошириш, стратегияларини муҳокама қилиш учун минтақадаги энг йирик халқаро платформага айланди.
Халқаро тадбирнинг нуфузли меҳмонлари қаторида Беларусь ҳукумати ва ишбилармонларидан таркиб топган делегация ҳам бор эди. Ялпи мажлисда сўзга чиққан ушбу давлат Бош вазири Александр Турчин икки мамлакат ҳамкорлигини ривожлантиришда сармоя барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган уч асосий йўналишга урғу берди.
“БелТА” агентлиги шу ҳақда мақола эълон қилди.
– Беларусь Ўзбекистонга уч амалий йўналиш таклиф қилади, – дейди ҳукумат раҳбари. – Биринчиси, саноат шериклиги. Оддий савдо энди биз хоҳлайдиган барқарорликни таъминлай олмайди. Келажак кенг кўламли саноат ҳамкорлиги ва бошдан-оёқ ишлаб чиқариш занжирини шакллантиришда. Биз қўшма саноат лойиҳаларига сармоя киритиш, кенг қамровли технология трансферини амалга ошириш орқали замонавий иш ўринлари яратишга тайёрмиз. Шу тариқа ишонч ва иқтисодий хавфсизликнинг тубдан янгиланган даражасига эришамиз.

Турчин ҳамкор ўлка тадбиркорларининг юртимиздаги фаолиятига мисоллар келтирган:
– Масалан, “Энергокомплект” компанияси иштирокида кабель ва сим ишлаб чиқариш заводи қурилмоқда. Беларусь тракторлари “Агромакс Техник” заводида йиғиляпти. “Серволюкс” қишлоқ хўжалиги холдинги республикада замонавий паррандачилик ва озуқа ишлаб чиқариш мажмуасини қурмоқда. Лойиҳага тахминан 170 миллион доллар жалб этилган. Шериклик фойдасини Беларусдаги ўзбек ишбилармонлари фаолияти ҳам тасдиқлайди. Минскда Ўзбекистон Савдо уйи очилиши, Витебск вилояти қишлоқ хўжалиги корхоналарида мол гўшти етиштириш лойиҳаси ўрганилмоқда.
Иккинчи йўналиш – ақлли технология ва ишлаб чиқариш рақамли автономияси. Кучли саноат базасига эга Беларусь учун чуқур рақамли трансформация стратегик устуворлик, юқори маҳсулдорлик ва рақобатбардошлик калитидир.
Ўзбекистоннинг ИТ бозори ҳам жадал ривожланмоқда. “Рақамли Ўзбекистон-2030” миллий стратегияси электрон ҳукумат, янги хавфсизлик тизими ва “ақлли шаҳар” концепциясини ўз ичига олган рақамли инфратузилмани ривожлантиришга устувор аҳамият беради.

Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши қўшма IТ ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш. Бу минтақавий бозорда ҳукмронлик қила оладиган юқори даромадли саноат тармоғи яратишнинг энг қисқа йўли. Мазкур соҳалар аллақачон биргаликда қабул қилинган 2030 йилгача ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”га киритилган.
Биз мудом ҳамкорларни анъанавий соҳалар етакчиларига тенглашиб олишдан ташқари, энг юқори технологик даражадаги лойиҳаларни амалга оширишга ундаймиз. Минскдаги Юқори технологиялар парки резидентлари аллақачон саноатда қўлланаётган сунъий интеллект ва компьютер кўришга асосланган ечимлар яратмоқда: маҳсулот айланишини бошқаришдан тортиб, мухтор омбор логистикасигача.
Молиявий, саноат ва рақамли салоҳиятни бирлаштириш мамлакатларимиз технологик суверенитети учун тайёр формула.

Учинчи йўналиш хизмат кўрсатиш соҳаси ва туризмга сармоя жалб қилишдир. Маълумки, Ўзбекистон сўнгги йилларда туризм саноатини миллий иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айлантирди. Мамлакатимизга сайёҳлар оқими тобора ортмоқда. Бундай шароитда сайёҳлик инфратузилмасини жадал ривожлантириш, соҳада изчил ислоҳот амалга ошириш долзарб вазифа ҳисобланади. Бинобарин, мазкур соҳаларда ҳам Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш учун ишга солинмаган имконият бисёр экани инобатга олинса, алоқаларни ривожлантириш ҳар икки мамлакат учун бирдек манфаатли бўлишига шубҳа йўқ.
С.Раҳимов, ЎзА