Ўзбекистон банклари 5 ойда 8,46 трлн. сўм фойда олди
2026 йилнинг дастлабки беш ойи якунларига кўра, Ўзбекистон банк тизими молиявий натижаларини сезиларли даражада яхшилади. Марказий банк маълумотларига кўра, тижорат банкларининг жами соф фойдаси 8,46 трлн. сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66,7 фоизга юқори кўрсаткичдир.
Ҳисобот даврида банкларнинг фоизли даромадлари 59,3 трлн. сўмга етди. Бу кўрсаткич бир йил аввалгига нисбатан қарийб 19,4 фоизга ошган. Фоизли харажатлар эса 42,6 трлн. сўмни ташкил этди. Натижада банк тизимининг соф фоизли даромади 16,7 трлн. сўмга етди.
Шунингдек, банкларнинг фоизсиз даромадлари ҳам юқори суръатларда ўсиб, 42,8 трлн. сўмни ташкил қилди. Айни пайтда молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида кредит ва лизинг операциялари бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун 17,1 трлн. сўм, бошқа активлар бўйича эса 5,8 трлн. сўм миқдорида захиралар шакллантирилди.
Ҳисоботларга кўра, солиқ тўлангунига қадар банк тизимининг жами фойдаси 9,63 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, солиқ харажатлари чегирилгандан кейин соф фойда 8,46 трлн. сўм даражасида қайд этилди.
Молиявий самарадорлик кўрсаткичлари ҳам ижобий динамикани намоён этди. Хусусан, активлар рентабеллиги (ROA) ўтган йилги 1,89 фоиздан 2,44 фоизгача, капитал рентабеллиги (ROE) эса 10,26 фоиздан 14,48 фоизгача ошди. Бу банклар капиталидан фойдаланиш самарадорлиги сезиларли даражада яхшиланганини англатади.
Шу билан бирга, таҳлиллар соф фоизли маржанинг активларга нисбати ҳамда соф фоизли даромадларнинг мажбуриятларга нисбати маълум даражада пасайганини кўрсатмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни банклар учун ресурсларни жалб қилиш қиймати ортиб бораётгани ва молия бозорида маблағ нархининг ошиши билан изоҳламоқда.
Умуман олганда, жорий йилнинг дастлабки беш ойи натижалари мамлакат банк тизими фойдалилиги ва капитал самарадорлиги ўсишда давом этаётганини кўрсатмоқда. Бироқ молия бозорида ресурслар қийматининг ортиши келгусида банклар маржасига маълум даражада босим ўтказиши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА