Ўзбекистон – БАА: Биргаликда “яшил” келажак сари
Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан 2025 йил республикамизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб эълон қилинди. Бу қарор замирида она табиатнинг мусаффолигини ошириш ва заминимизни келажак авлодга кам-кўстсиз етказишдек эзгу ғоя мужассам. Зеро, дунё бўйлаб иқтисодий, экологик ва геосиёсий муаммолар кўпайиб бориши асносида қайта тикланадиган энергия манбаларини кенгайтиришга устувор аҳамият берилмоқда. Аҳоли сони тез ўсиши, давлат бюджети чекланиши туфайли янги даромад манбаларига эҳтиёж ортиши, иқлим жадал ўзгариши оқибатида озиқ-овқат ва сув хавфсизлиги долзарблашиб, яшил энергия масаласи муҳим геосиёсий аҳамият касб этмоқда.
Бу масалалар ўтган йил ноябрь ойида Бокуда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчилари конференцияси (COP29)да ҳам алоҳида таъкидланди. Мазкур анжуман доирасида, жумладан, Қозоғистон, Ўзбекистон ва мезбон давлат Озарбайжон раҳбарлари яшил энергияни ишлаб чиқариш ва узатиш бўйича стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолади. Форс кўрфази минтақаси давлатлари, биринчи навбатда Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари замонавий технологияларга таянган ҳолда Марказий Осиёнинг “яшил” энергетика соҳасидаги салоҳиятини ривожлантириш учун сармоя киритишга тайёрлигини билдирди.
Маълумки, Ўзбекистон бу борада қатор рақобатдош устунликларга эга. Стратегик географик жойлашув, доимий ўсиб бораётган маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳияти ва ажойиб табиий шароит туфайли юртимиз, айниқса, қуёш ва шамол каби яшил энергия турлари ишлаб чиқариш учун қулай.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатимиз шамол ва қуёш энергиясини ички эҳтиёждан 10-12 баробар кўп ишлаб чиқара олади. Шу нуқтаи назардан экспорт салоҳиятимиз жуда юқори.
Ўзбекистон бу икки турдаги энергияни ишлаб чиқариш кескин оширилишига қаратилган жиддий қонунчилик мажбуриятларини зиммасига олди. Халқаро компаниялар билан умумий қуввати 20 минг МВтдан ортадиган қуёш ва шамол электр станциялари қуриш бўйича 38 та шартнома имзолади. Таъкидлаш жоиз, республикамизнинг айни йўналишдаги беқиёс салоҳиятини жаҳон талабига жавоб бера оладиган технологияларга ва етарли молиявий капиталга эга “ACWA Power” (Саудия Арабистони), Masdar (БАА) каби дунё миқёсида машҳур компаниялар эътироф этди.
Форс кўрфази давлатларининг Ўзбекистон яшил энергетика секторига қизиқиши жадал суръатда ошиб бориши бир-бирига уйғун турли омиллар билан изоҳланади. Биринчидан, мамлакатда иқлим ёмонлашиши, аҳоли сони тез ўсиши, ишлаб чиқаришга доир улкан режалар ва хорижий энергия етказиб берувчилар билан боғлиқ муайян хавф-хатар умумий миқдорга нисбатан “яшил” энергия улушини кескин оширишни амалда мажбурий қилиб қўяди. Буни давлатимиз раҳбари Дубайда бўлиб ўтган COP28 саммитида “яшил ўтиш”нинг стратегик аҳамиятига урғу берган тарзда таъкидлаган эди.
Иккинчидан, технология ва молиявий капиталга эҳтиёж Ўзбекистонни хорижий ҳамкорлар излашга ундамоқда. Кўрфаз мамлакатлари орасида айнан Саудия ва БААни энг қулай шериклар сифатида кўриш мумкин. Ички ишларга нисбатан юмшоқроқ ёндашишдан ташқари, мазкур минтақа Марказий Осиёда ҳеч қандай геосиёсий мақсад кўзламайди.
Учинчидан, Кўрфаз компаниялари ҳам мамлакатимиздаги иқтисодий иштирокини кенгайтиришдан манфаатдор. Зеро, ўлкамизда “яшил” энергияни ўз энергетика мажмуасига интеграциялаш ва улкан экспорт салоҳиятини юзага чиқариш учун имконият бисёр. Қолаверса, заминимиз турли муҳим металлар, жумладан уран, бериллий, литий, галий, индий, ванадий, германий, титан, вольфрам ва молибденга бойлиги тан олинади. Бу моддалар ҳар хил турдаги “яшил” энергия ва янги технологиялар ишлаб чиқариш учун зарур. Демак, БАА ва Саудия компаниялари биз билан ҳамкорлик орқали янги, юқори даромадли бозорга кириши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари муносабатлари жадаллашиши кўплаб соҳалар, айниқса барқарор ривожланиш ва “яшил” иқтисодиёт йўналишларида шериклик чуқурлашгани билан тавсифланади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг БААга навбатдаги ташрифи ва Абу-Дабидаги 2025 йилги Барқарор ривожланиш ҳафталиги (ADSW2025)да иштирок этиши эса алоқаларимизнинг стратегик аҳамияти, ҳар икки давлатнинг экологик масъулият тамойилига содиқлигидан далолат. “Барқарор тараққиётни тезлаштириш” мавзусидаги Абу-Дабида 12 январь куни бошланган, 18 январгача давом этадиган мазкур анжуман глобал барқарорлик тақвимидаги йилнинг илк тадбиридир. Бу гал дунё етакчилари барқарор иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ўсиш учун ўзаро боғлиқ ечимларни умумлаштириш мақсадида бирлашади.
Бинобарин, форум глобал муаммолар таъсири яққол сезилаётган ва шу сабаб давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти тобора ортаётган бир шароитда янада долзарб аҳамият касб этади. Зотан, Ўзбекистон ҳам, БАА ҳам барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш сиёсатини изчил амалга ошириб, буни аниқ саъй-ҳаракатлар билан тасдиқламоқда.
Масалан, Тошкентнинг 2030 йилгача мўлжалланган миллий энергия балансида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 50 фоизга етказиш мақсади белгиланган. Шу жиҳатдан мамлакатимиз БААнинг “Қайта тикланувчи энергия манбалари салоҳиятини уч баробар ошириш” ташаббусига қўшилгани ҳам эътиборга молик.
Умуман, Ўзбекистон раҳбарининг ADSW2025 кўргазмасида қатнашиши давлатимизнинг барқарор ривожланиш соҳасидаги ютуқларини намойиш этиш, келажакка оид қарашлар билан ўртоқлашиш, иқтисодиёти ривожланган юртлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониини яратади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА