Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳа доирасида “Ўзатом” агентлиги Беларусь Республикасининг муваффақиятли тажрибасини ўргана бошлади. Шу мақсадда жорий йил 5-6 август кунлари агентлик делегацияси ушбу мамлакатда бўлиб, АЭС қурилиши ва унинг эксплуатацияси борасидаги илғор тажрибалар билан яқиндан танишмоқда. Ташриф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан ташкил этилди.
Ташрифнинг илк кунида “Ўзатом” делегацияси Беларусь Республикаси энергетика вазири Денис Мороз билан учрашди. Суҳбат чоғида томонлар атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Хусусан, атом электр станциясини миллий энергетика тизимига интеграция қилиш, жисмоний ҳимояни таъминлаш, ишлатилган ядро ёқилғисини қайта ишлаш, радиоактив чиқиндиларни бошқариш ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорлик каби масалаларда тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон томони атом электр станцияси қурилиши бўйича олиб борилаётган ишлар ва тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумот берди. Беларусь томони эса инфратузилмани ташкил этиш, вақтинча шаҳарча ва АЭС мутахассислари учун махсус шаҳар барпо этиш, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасидаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

“Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаевнинг қайд этишича, Беларусь тажрибаси Ўзбекистонда атом энергетикасини жорий этиш жараёнида асосий йўналишлардан бири сифатида кўрилмоқда. Унинг таъкидлашича, миллий саноат корхоналари билан ишлаб чиқариш кооперацияси, етказиб беришни маҳаллийлаштириш ва Беларусь компанияларининг лойиҳадаги иштирокини муваффақиятли йўлга қўйган мамлакат тажрибаси Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга. Бу эса атом энергетикасини қўллаб-қувватлашнинг саноат базасини шакллантиришга хизмат қилади.
Беларусь Республикаси энергетика вазири Денис Морознинг маълум қилишича, мамлакатда 2023 йилда қуввати 2400 мегаватт бўлган биринчи атом электр станцияси ишга туширилган. Ҳозирги кунда Беларусда истеъмол қилинадиган электр энергиясининг қарийб 40 фоизи айнан шу АЭС ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, ушбу АЭС қурилишида иштирок этган компаниялар “Росатом” давлат корпорациясининг халқаро лойиҳаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Унинг фикрича, келгусида Беларусь компаниялари Ўзбекистондаги АЭС қурилишида ҳам иштирок этиши мумкин.
Ташриф доирасида “Ўзатом” агентлиги делегацияси “Белэнерго” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси диспетчерлик хизмати марказий бошқарув пульти фаолияти билан танишди. Ушбу марказ Беларусь ҳудудида электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш жараёнларини марказлаштирилган ҳолда туну кун бошқариб боради.
“Ўзатом” агентлиги ахборот хизмати маълум қилганидек, бугун делегация аъзолари Беларусь атом электр станцияси ҳамда унинг таркибидаги ўқув-машғулот маркази фаолияти билан танишади ҳамда икки томонлама музокаралар ва амалий маслаҳатлашувларда иштирок этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА