Ўзбекистон – АҚШ: сув хўжалигини рақамлаштириш бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва “Rubicon Water” компанияси Шимолий Америка бўйича бош директори Даррен Макгрегорнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Нью-Йорк шаҳридан Сув хўжалиги вазирлиги Халқаро алоқалар ва ЖСТ масалалари бўлими бош мутахассиси Темур Баҳранов хабар берди.
Учрашув давомида сув хўжалигини рақамлаштириш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.
Хусусан, томонлар Қашқадарё вилоятида амалга оширилган пилот лойиҳа натижаларини юқори баҳолади. Лойиҳа доирасида Миришкор ва Қамаши каналларининг 13,4 километр қисмида 26 та автоматлаштирилган гидротехник иншоот ўрнатилиб, уларни масофадан бошқариш тизими жорий этилди. Бунинг натижасида 6,5 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланиб, сув тақсимотини бошқариш самарадорлиги 30-40 фоизга ошди.
Шунингдек, музокараларда ирригация тизимларини модернизация қилиш, соҳага инвестицияларни жалб этиш, “Rubicon Water” технологияларини маҳаллийлаштириш ҳамда илмий-тадқиқот ва таълим муассaсалари билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида компания раҳбарияти жорий йилнинн кузида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми ва “Water Tech Expo 2026” халқаро кўргазмасида иштирок этишга таклиф этилди.
Шундан сўнг томонлар сув хўжалигини рақамлаштириш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини қайд этди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА