Ўзбекистон–АҚШ: сув тежовчи технологиялар бўйича ҳамкорлик
Самарқанд шаҳрида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида турли соҳаларда икки давлат ҳамкорлигига оид муҳим учрашувлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров “Valmont Industries” компаниясининг МДҲ мамлакатлари ва Туркия бўйича тижорат директори Сергей Стефанов ҳамда компания вакили Саидиброҳим Эшхўжаев билан учрашди.
Мулоқотда суғориш жараёнларини механизациялаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудларида механизациялашган суғориш тизимларини кенгайтириш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Мазкур мулоқот қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни жорий этиш, суғориш тизимлари самарадорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим йўналишлардан биридир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА