Ўзбекистон-АҚШ: 35 миллиард долларлик режа ортидаги ҳақиқий вазифалар
Давлат котиби Марко Рубионинг юртимизга ташрифи икки давлат ўртасидаги савдо, инвестиция ва технология ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Зеро, айни пайт Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларидаги асосий масала – эълон қилинган келишувларни амалдаги лойиҳаларга айлантириш.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев айтишича, бу жараён сўнгги даврда сезиларли фаоллашган. Давлат раҳбарлари учрашувлари, янги инвестиция механизми ва савдо битимлари алоқалар фақат сиёсий мулоқот билан чекланиб қолмаётганини кўрсатади. Энди эътибор иқтисодий натижага, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш, маҳсулотларимизни Америка бозорига олиб чиқишга қаратилмоқда. Самарқанддаги учрашувлар шу жиҳатдан жуда муҳим.
Савдо ўсяпти, имконият эса ҳали тўлиқ ишга солинмаган
Ўзбекистон – АҚШ товар айланмаси 2018 йилдаги 408 миллион доллардан 2024 йил 881,7 миллион долларга етган. Ўтган мавсум якунида бу кўрсаткич 1 миллиард доллардан ошди. 2026 йил бошидан яна 20 фоиз ўсган савдо ҳажми йил якунида 2 миллиард долларга етиши кутиляпти.
Республикамизда 340 га яқин Америка компанияси фаолият юритмоқда. Айирбошлаш кўламини янада кенгайтириш учун экспорт турини кўпайтириш, Америка бозорига киришдаги тўсиқларни камайтириш талаб этилади.
Яна бир эътиборли рақам: АҚШга экспортимизда хизмат улуши тахминан 86 фоиз Бу жараёнда ахборот технологиялари соҳаси муҳим ўрин тутади. Рақамли хизмат экспорти билан шуғулланувчи 800 фаол компаниянинг 448 таси Америка бозорига йўналган.
Бу маҳаллий IT-компаниялар учун кенг имконият. Бинобарин, алоқаларни фақат рақамли хизмат билан чекламаслик керак. Ўзбек тўқимачилиги, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам уммон ортига кўпроқ олиб чиқиш долзарб вазифа. Бунинг учун халқаро сертификат, маҳсулот сифати, логистика ва маҳаллий брендни танитиш масалаларини ҳал этиш зарур.
Сармояда асосий мезон – натижа
Инвестиция соҳасида ҳам имконият бисёр. Қўшма лойиҳалар қиймати 11 миллиард доллардан ошган, уч йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастури 35 миллиард долларга баҳоланган. 2025 йил ноябрдаги C5+1 саммитида 8,7 миллиард долларлик келишув тўплами шаклланган.
Шу йил июнда ишга туширилган қўшма сармоя платформаси ҳам янги лойиҳаларни молиялаштиришга хизмат қилади. Энергетика, транспорт, инфратузилма, ахборот технологиялари, фармацевтика ва муҳим минераллар соҳаларида 900 миллион доллардан ортиқ қийматга эга дастлабки лойиҳалар шакллантирилган.
Эълон қилинган маблағ билан амалда ўзлаштирилган сармояни фарқлаш жоиз. Келишув қанчалик йирик бўлмасин, ишлаб чиқариш корхоналари, янги иш ўринлари ва экспорт ҳажмида акс этмаса, иқтисодий самара чекланиб қолаверади.
Демак, навбатдаги босқичда инвесторларга қулай ва барқарор ҳуқуқий муҳит яратиш, лойиҳалар ижросини мунтазам назорат қилиш ва маблағ амалда иқтисодиётга кириб келишини таъминлаш муҳим.
Муҳим минераллар: хомашёни эмас, тайёр маҳсулотни экспорт қилиш
Муҳим минераллар, яъни замонавий саноат ва технология учун стратегик аҳамиятга эга ресурслар, Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларидан биридир.
2026 йил 5 февралда муҳим минераллар ва ноёб ер унсурлари таъминоти бўйича меморандум имзоланган. Кейинги босқичда мис, уран, вольфрам ва камёб ер ости металларини қидириш, хом ашёни мамлакатимизда чуқур қайта ишлаш имкониятини ривожлантириш кўзда тутилган.
Гап фақат ресурс қазиб олиш ҳақида эмас. Агар мамлакат хом ашёни экспорт қилиш билан чекланса, қайта ишлашдан келадиган қўшимча даромаднинг салмоқли қисми бошқа бозорларда шаклланади. Маҳаллий қайта ишлаш корхоналари ташкил этиш орқали эса янги иш ўринлари яратилади, технология ўзлаштирилади, саноат салоҳияти юзага чиқади. Бунинг учун Америка компаниялари билан ҳамкорликда замонавий ускуна ва технология жалб қилиш, маҳаллий мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйиш зарур.
Транспорт ва энергетика
Ўзбекистоннинг денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкони йўқлиги ташқи савдо харажатига таъсир қилади. Шу боис халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва логистика инфратузилмасини кенгайтириш ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Тошкентда янги халқаро аэропорт қуриш, қуруқлик портлари ва логистика марказларини ривожлантириш, Транскаспий йўналишидан фойдаланиш ҳамда Трансaфғон темир йўли лойиҳасини илгари суриш истиқболли. Бу ташаббуслар амалга ошса, маҳсулотларимиз ташқи бозорга чиқиши кўлами кенгаяди.
Энергетика соҳасида электр тармоғини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва янги саноат қувватларини барқарор энергия билан таъминлаш масалалари долзарб. Технология ҳамкорлигида сунъий интеллект, маълумот марказлари, ҳавойи хизмат ва молиявий технология алоҳида ўрин тутади. Мазкур йўналишларда хорижий компанияларни жалб қилишнинг ўзи етарли эмас. Асосий мақсад технологияни ўзлаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва рақобатбардош маҳсулот ҳамда хизмат яратишдан иборат.
Узоқ муддатли ҳамкорлик омиллари
Ўзбекистон ва АҚШ муносабатидаги фаолликни барқарор натижага айлантириш учун иқтисодий келишувлар билан бирга мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асос ҳам зарур.
Савдо алоқаларига таъсир кўрсатувчи омиллар қаторида АҚШнинг 1974 йилги Жексон-Вэник тузатиши, республикамизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ва юқори логистика харажатини кўрсатиш мумкин. Бу масалалар ҳал этилса, икки мамлакат тадбиркорлари учун бозорга кириш имконияти, савдо шарти янада аниқ бўлади.
Табиийки, ҳамкорлик фақат давлат раҳбарлари учрашувлари билан чекланмайди. Доимий бизнес мулоқоти, парламентлараро алоқа, университетлар ҳамкорлиги ва Ўзбекистон ҳудудлари билан Америка штатлари ўртасидаги тўғридан-тўғри муносабатлар ҳам муҳим. Бундай механизмлар келишувлар узоқ муддат амал қилиши, ижроси изчил давом этишига хизмат қилади.
Самарқанддаги учрашувлар эса давлатимизнинг минтақавий иқтисодий ташаббусларини илгари суриш имкониятини янада кенгайтиради. Натижа эса учрашувлар сони ёки имзоланган ҳужжатлар эмас, балки лойиҳалар амалга ошиши, экспорт миқдори ортиши, иш ўринлари кўпайиши билан баҳоланади.
Хуллас, Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг кейинги босқичи учун энг муҳим вазифа сиёсий яқинликни иқтисодий натижага айлантиришдир. Миллиардлаб долларлик режа ишлаб чиқариш, технология, савдо ва аҳоли фаровонлигида сезиларли ўзгаришга олиб келгандагина стратегик шерикликнинг ҳақиқий самараси намоён бўлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА