Ўзбек шахматининг янги даражаси: тизимли ислоҳотлар ва узоқ муддатли стратегия самараси
Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.
Тўрт йил аввал Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида терма жамоамиз илк бор шахмат олимпиадаси чемпиони бўлди. 2024 йил Будапештда учинчи ўринни эгаллади, бугун эса Самарқандда яна олтин медалга эришди.
– Бу натижалар тасодифий эмас. Бу – мактаб, бу – тизим, бу – ўзбек шахматининг янги даражаси, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари аввал ҳам юртимизда истеъдодли шахматчилар кўп бўлганини, бироқ уларни қўллаб-қувватлайдиган ва бирлаштирадиган тизим етишмаганини қайд этди. 2018 йилда қабул қилинган қарордан сўнг мактабларда шахмат ўқитиш, мураббийлар тайёрлаш ва клубларни ривожлантириш йўлга қўйилди.
Беш йил аввал FIDE рейтингидаги энг кучли ўн мамлакат қаторига кириш мақсад қилинган эди.
— Бизнинг эзгу мақсадимиз ортиғи билан реалликка айланиб улгурди, — деди давлатимиз раҳбари ҳамда ушбу натижанинг асосида узоқ муддатли стратегия ва изчил меҳнат турганини таъкидлади.
Сўнгги ўн йилда 17 нафар шахматчимиз халқаро гроссмейстер унвонини олди, уларнинг беш нафари аёллардир. Президентимиз чемпионлар ҳали жуда ёш экани, уларнинг ортидан эса юзлаб ва минглаб истеъдодли болалар етишиб келаётганини қайд этди.
ЎзА