“Ўзатом” ва “Росатом” кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтиради
“Ўзатом” агентлигида мамлакатимиз атом саноати эҳтиёжлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича Россия-Ўзбекистон қўшма ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Атом энергияси агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори ўринбосари Татьяна Терентьева сўзга чиқиб, икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Миллий кадрларни тайёрлаш Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳасининг стратегик устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Йиғилиш иштирокчилари кадрлар тайёрлаш бўйича мамлакат режаси лойиҳаси, қўшма таълим дастурлари, жумладан, Жиззах вилояти Фориш тумани техникуми базасида модулли ва дуал таълимни ишлаб чиқиш ҳамда уни босқичма-босқич жорий этиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, россиялик ўқитувчилар иштирокида ММФИ МТЯУ Тошкент филиалида таълим дастурларини йўлга қўйиш, амалий стажировкаларни ташкил этиш, “Train the trainers” курси доирасида филиал ўқитувчиларининг малакасини ошириш дастурига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
2026 йил март ойида имзоланган, асосий йўналишлардан бири сифатида кадрлар тайёрлаш белгиланган атом ва турдош соҳаларда ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни амалга ошириш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди.

Мутахассислар қайд этганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш нафақат муҳандислик ечимлари, замонавий меъёрий-ҳуқуқий база ва самарали халқаро ҳамкорликни, балки барқарор, кўп босқичли ҳамда узоқ муддатли истиқболга йўналтирилган миллий мутахассислар тайёрлаш тизимини шакллантиришни талаб этади. Зеро, малакали кадрлар ҳар қандай ядро лойиҳасини хавфсиз, ишончли ва самарали амалга оширишнинг асосий омили ҳисобланади.
Агентлик ахборот хизматига кўра, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини узоқ муддатли ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади. Хусусан, атом тармоғини малакали кадрлар билан таъминлашнинг миллий тизимини шакллантириш бўйича олиб борилаётган қўшма ишлар лойиҳани юқори салоҳиятли мутахассислар билан таъминлаш имконини беради.
Йиғилиш доирасида эришилган келишувлар юртимизда АЭС лойиҳасини муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга мустаҳкам замин яратиши таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА