"Ўзатом" ва "Росатом" делегацияси Форишдаги йирик лойиҳа билан танишди
Жиззах вилоятининг Фориш туманида атом электр станцияси ва унинг ходимлари учун мўлжалланган замонавий шаҳарча барпо этиш ишлари давом этмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ҳамда "Росатом" давлат корпорацияси вакиллари қурилиш майдонларида бўлиб, лойиҳанинг амалга оширилиши билан танишди.
Учрашувда атом электр станциясини барпо этиш билан бир қаторда, бўлажак шаҳарчада қулай ва замонавий яшаш муҳитини яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Томонлар қурилишнинг кейинги босқичлари, инфратузилмани ривожлантириш ва белгиланган вазифаларни мувофиқлаштирган ҳолда амалга ошириш юзасидан фикр алмашди.

Лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири эса атом электр станцияси мутахассислари ва уларнинг оилалари учун замонавий шаҳар муҳитини яратишдир. Қарийб 200 гектар майдонни эгаллайдиган шаҳарчада 33 мингга яқин аҳоли яшаши учун шароит яратиш режалаштирилган. Бунинг учун 10 мингга яқин хонадон, мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари ва маданий масканлар барпо этилади. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш ва энергия тежамкор ечимларни қўллаш ҳам лойиҳанинг муҳим таркибий қисмидир.
Делегация вакиллари атом электр станцияси қурилишида хавфсизлик талабларига риоя этилиши, бажарилаётган ишлар сифати ва экологик стандартларнинг таъминланиши билан ҳам танишди. Ушбу талабларга амал қилиш объектнинг ишончли ва барқарор ишлаши учун муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу инфратузилма объектлари ҳудуднинг транспорт ва коммунал имкониятларини кенгайтириш, электр энергияси ҳамда сув таъминотининг ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА