Ўзаро ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
“BMB HOLDING” компаниясининг тижорат бўйича масъуллари Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида савдо тармоқлари вакиллари ҳамда дистрибьюторлар билан учрашувлар ўтказди.
Қўшни давлатнинг “KZ EXPORT”, “Ali Market”, “Gra Mad” ҳамда “F-Market” каби бир қатор савдо уюшмалари вакиллари билан қўшилган қийматга эга қишлоқ хўжалиги ҳамда “BMB Za’faron” маҳсулотларини Қозоғистон бозорларига етказиб бериш юзасидан ўтказилган музокараларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.


Учрашувларда “BMB HOLDING” компанияси томонидан Жиззах вилоятининг Бахмал тумани далаларида етиштирилаётган заъфарон маҳсулотлари минтақада юқори сифатли органик маҳсулотлар экани, халқаро стандартларга тўла жавоб бериши, истеъмолчилар учун маҳсулотларни барқарор етказиб бериш ҳамда логистика жараёнларини самарали ташкил этиш муҳимлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Икки томонлама манфаатли музокаралардан сўнг ҳамкорлик алоқаларини босқичма босқич йўлга қўйиш, хусусан, заъфарон маҳсулотларини Қозоғистоннинг савдо тармоқларига етказиб беришга келишиб олинди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири