“Ўзагросуғурта” АЖ: таълим ва халқаро ишонч йўлидаги янги қадамлар
"Ўзагросуғурта" акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимизда ҳуқуқий таълимни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббус амалга оширилди.
"Ўзагросуғурта" АЖ ҳамда Тошкент Давлат Юридик Институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ушбу меморандум таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтириш, назарий билимларни амалий тажриба билан уйғунлаштириш ҳамда келажакда юқори малакали ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

Ҳамкорлик доирасида талабалар учун ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётларни ташкил этиш, соҳа мутахассислари иштирокида мастер-класслар ва семинарлар ўтказиш, илмий-амалий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, шунингдек, ёш мутахассисларни меҳнат бозорига муваффақиятли тайёрлаш бўйича қатор ташаббуслар йўлга қўйилади.
Меморандумнинг яна бир муҳим жиҳати – иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош кадрлар етиштиришга қаратилганлигидир.

Шу билан бирга, "Ўзагросуғурта" АЖнинг халқаро молиявий майдондаги ишончли позицияси яна бир бор ўз тасдиғини топди. Дунёдаги етакчи рейтинг агентликларидан бири бўлган Moody's Investors Service Жамиятнинг халқаро кредит рейтингини Ba3 даражасида "Positive" (Ижобий) прогнози билан яна бир бор тасдиқлади.

Мазкур рейтинг компаниянинг молиявий барқарорлиги, самарали корпоратив бошқаруви, мажбуриятларни ўз вақтида бажариш қобилияти ҳамда узоқ муддатли ривожланиш стратегияси халқаро стандартларга мос эканлигини намоён этади.
Бугунги кунда "Ўзагросуғурта" АЖ нафақат мамлакат суғурта бозоридаги етакчи ташкилотлардан бири, балки ёшлар салоҳиятини ривожлантириш, таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиш ва халқаро молиявий институтлар ишончини мустаҳкамлаш йўлида изчил қадамлар ташлаётган замонавий компания сифатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Таълим, инновация ва молиявий барқарорликни уйғунлаштирган мазкур ташаббуслар келажакда Жамиятнинг рақобатбардошлигини янада ошириш ва мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилади.