ЎзА ходимлари Самарқандга саёҳат қилди (+видео)
Самарқанд кун сайин сайёҳлар билан гавжум бўлиб бормоқда. Айниқса, байрам ва дам олиш кунларида кўчалар юртимизнинг турли ҳудудларидан келган автобус ва микроавтобуслар, енгил машиналар билан тўлиб-тошмоқда.
Поездга чипта топиш муаммолигини айтмасак ҳам яхши биласиз, тезюрар поездларга 10-15 кун олдин чипта буюртма қилиб қўймасангиз ёки сотиб олмасангиз бўлмайди. Шаҳар ва шаҳар атрофидаги йўлларда ҳаракатни тартибга солиб туриш учун ҳар бир чорраҳа, тарихий обида, ресторан ва ошхоналар олдида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари туну кун хизмат олиб бораётгани ҳам бежиз эмас – транспорт ҳаракати жуда тиғиз. Тарихий обидаларга борсангиз, чипта олиш учун навбат ҳосил бўлганини кўрасиз. Ошхоналарга ҳам аввалдан буюртма қилмасангиз, маълум вақт бўш жой кутиб қолишингизга тўғри келади. Имом Бухорий мажмуаси атрофида 6 минг автомашинага мўлжалланган автотураргоҳлар ташкил этилган, аммо дам олиш кунлари борсангиз шу ерда ҳам автомашина учун жой топиш қийинлигига гувоҳ бўляпмиз. Аммо ҳеч ким саёҳатга келиб, афсусланаётган эмас, кўрган-кечирганларидан ҳайрат ва ва ҳаваси ошиб, Самарқандга яна келиш истаги билан ўз уйига қайтмоқда.
Бу ҳаммаси юртимизда туризмнинг ривожланаётгани, хорижликларнинг Ўзбекистонга интилаётгани, юртдошларимизнинг эса саёҳат қилиш, ҳордиқ чиқаришга имконияти бўлаётгани натижаси десак, хато айтмаган бўламиз.
Якшанба куни Самарқандга келган сайёҳлар орасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА вакиллари ҳам бор эди.
[gallery-28722]
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кўмагида ташкил этилган саёҳат иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуаси, Амир Темур хиёбони, “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик маркази ва бошқа тарихий обидалар, диққатга сазовор масканларни минглаб сайёҳлар қаторида зиёрат қилдилар.
– Самарқандга кўп келганмиз, тарихий масканларни зиёрат қилганмиз, лекин бунчалик катта оқимдаги сайёҳларни кўрмаганмиз, – дейди узоқ йиллик тажрибага эга устоз журналист Ирисмат Абдухолиқов. – Фақатгина Самарқанд шаҳри эмас, бугун туманлар ҳам туристлар билан гавжумлигига гувоҳ бўлдик. Масалан, Ургутдаги тоғ бағрида жойлашган Тешиктош, – бундан беш-олти йил аввал Тахтиқорача довонига чиқаётган ёки шу довон орқали ўтиб кетаётган йўловчилар машинадан бепарвогина қараб ўтадиган жой эди. Бугун қаранг, атрофида ўтовлар, арғимчоқлар, турли хил ўйин қурилмалари ўрнатилибди, дам оладиган, сайёҳат қиладиган жойга айланибди. Мана шу йўлда инспекторлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаб турибди. Бу бир оддий табиат мўъжизаси учун шунча одам бу масканга талпиняпти. Регистон, Амир Темур мақбараси ва янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасидаги сайёҳларнинг кўплиги эса кишини қалбини фахр ва ифтихорга тўлдиради, албатта. Шахсан менда шундай бўлди.
Дарвоқе, Ургутга борган агентлик ходимлари Деҳқонбод маҳалласида ўзларининг раҳбарлари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов кутубхонасини ҳам бориб кўришга қарор қилдилар. Устоз журналист ушбу зиё масканининг бунёд этилиши ва айни пайтда қишлоқ аҳли учун чинакам маърифат ўчоғига айланганини гапириб берди.
[gallery-28721]
– Ўз уйини кутубхона сифатида маҳалладошлари учун доим эшиги очиқ масканга айлантирган Абдусаид акага ҳавас қилдим, – дейди ЎзАнинг собиқ ходими, жиззахлик фахрий журналист Тошқул Бекназаров. – Устоз журналист минглаб китобларини шу ерга келтириб, ундан барча фойдаланиши учун имконият яратибди, бу ибратга лойиқ иш албатта. Қани энди, ҳар бир маҳалла, қишлоқда шундай зиё масканлари бўлса.
Саёҳатнинг асосий манзили – Имом Бухорий мажмуаси зиёрати чоғида журналистлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янгидан бунёд этилган қадамжо жуда улуғвор обидага, чинакат маърифат масканига айланганига гувоҳ бўлдилар.
– Президентимиз бу муаззам обиданинг лойиҳасини ишлаб чиқишдан бошлаб, пойдевори қўйилиб, бунёдкорлик ишлари олиб борилиши ва пардозлаш ишлари, ҳудудни ободонлаштириш масалаларигача ўзлари келиб кўрганлари ҳақида ахборотлар берганмиз ва бу жараёндан доимий хабардор бўлганмиз, – дейди ЎзА бўлим бошлиғи, Агентлик бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Очил Ҳазратов. – Бугун ўзимиз келиб кўрдикки, бежиз бу иншоот беш йил давомида қурилмаган экан, бу ердаги ҳар бир устун, айвонлар, 10 минг кишилик улкан масжиддаги ҳар бир безак, битиклар нозик дид, юксак билим ва салоҳият билан яратилганига ишонч ҳосил қилдик.
Имом Бухорий жоме масжиди ноиби Зиёвуддин Раҳимовнинг айтишича, ҳар куни минглаб юртдошларимиз, хорижлик меҳмонлар мажмуани зиёрат қилмоқда, ҳатто, тунда ҳам зиёратгоҳ эшиклари ёпилмас эмас. Зиёратгоҳ бўйлаб туну кун Қуръон оятлари янграб туради. Масжиддан таралаётган азон овози эса одамларни фақат намозга эмас, илм-маърифатга чорламоқда.
Самарқандни томоша қилиш, муқаддас қадамжоларга бориш учун бир кун камлик қилади, албатта. ЎзА ходимлари ҳам бу қадимий кент, ўзидан зиё таратиб турган заминга яна келиш ниятида ортга қайтдилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IP3cKCXA7Wc" title="«O`zbekiston bo`ylab sayohat qil!» dasturi amalda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб Ҳасанов,
Носиржон Ҳайдаров, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА