Ўз муваффақиятингизни ортга сурманг
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 мартдаги "Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида"ги қарорига кўра, ўзининг иқтидори, ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган бир гуруҳ хотин-қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Улар орасида “IT Investments Center Next Up hub Start-Up Studio” лойиҳаси менежери, “Анора” лойиҳаси асосчиси, "AIESEC" ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили, "Янги Ўзбекистон" университетининг магистранти Умматой Йўлдошева ҳам бор.
Умматой Йўлдошева дастурчи фрилансер, ихтирочи, ташаббускор, ташкилотчи ва фидойи ёшлар фаоли сифатида ёш авлод онгида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ҳаёти давомида эришган ютуқлари талайгина. Хусусан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан ташкил этилган Open Data Challenge (2017) танловида энг фаол мураббий сифатида эътироф этилган. "Ўзбекистоннинг энг яхши стартапти сифатида "Seedstars World Competition (2020) танловида халқаро миқёсда танлаб олинган. 2019 йил Польшада "Аёллар технологиялари" саммитида фаол иштирок этган ва халқаро элчи сифатида тан олинган. 2019 йил АҚШнинг Бостон шаҳрида ўтказилган Халқаро илмий-амалий конференцияда "Талабалар билимини информацион воситалар орқали мониторинг қилиш" мақоласи учун махсус диплом билан тақдирланган. Унинг Марказий Осиё аёлларини замонавий касблар билан таъминлашга қаратилган "Анора" лойиҳаси 2024 йилда ишга туширилган. Бундан ташқари 2024 йилда Қатарнинг “Gulf Times” журналида Ўзбекистон аёллари муваффақияти номли мақоласи чоп этилган. Туркиянинг Истанбул шаҳрида Global Business Symposium (Ёш тадбиркорлар саммити)да фаол иштирок этгани учун сертификат билан тақдирланган.
Умматой Йўлдошева бугунги кунда хорижий компанияларда “product manager” сифатида фаолият юритаётган, IT соҳасида ўз ўрнини мустаҳкам топган ва ўз йўли билан ёшлар, айниқса қизлар учун илҳом манбаи бўлган етакчилардан бири.
Қаҳрамонимиз дастлаб IT соҳасини “фақат эркаклар соҳаси” деб ўйлаган бўлсада, кейинчалик халқаро конференциялардаги иштирокидан сўнг ўз имкониятларини кашф этди ва бу соҳада катта муваффақият сари йўл олди.
– Бугун шуни англадимки, ҳаётда ўз олдига буюк мақсадлар қўйишдан қўрқмасдан, кейин уларга эришиш учун таваккал қилиб тинмай ҳаракат қилганларгина муваффақиятга эришиши мумкин, – дейди Умматой Йўлдошева. – Психологларнинг бир гапи бор: “Ўз муваффақиятингизни ортга сурманг. Орзуларингизга эришиш учун энг қулай кун – бугун, айнан бугун жуда ажойиб имкониятлар сизни кутиб турибди. Биринчи қадам учун бирор тарихий ҳодисани кутиб юрманг, шу қадамингиз тарихий бўлсин!”
Мен дастурчи бўлишни истамаганман. Инсоннинг ҳамма феъл-атвори, хислатлари, ҳатто режа ва мақсадлари ҳам ўзгариши мумкин. Шуни тушуниб етдимки, аёллар ўзлари истаган барча соҳада юқори марраларни забт эта олади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш борасида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида қайд этганидек, "Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда".
Бирор натижага эришиш осон кечмайди. Аммо сизнинг кичкина меҳнатларингиз ҳам муносиб тақдирланиши ўзгача куч, илҳом берар экан. Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланишим ҳаётим китобининг асосий саҳифаларида қоладиган воқеа бўлди.
Ҳар бир ота-она фарзандининг камолини кўришни истайди. Барча ота-оналар каби менинг оилам устунларида ҳам шундай орзулар бўлган. Ҳар бир ютуғим ортида уларнинг чексиз меҳнатлари ётибди. Худди шу каби фарзандларнинг ҳам ота-онасини рози қилиш, хурсанд қилиш каби ниятлари бўлади. Катта мукофотга лойиқ деб топилганим тўғрисида эшитганимда дарҳол бу хабар ота-онамни қанчалик осмонларга учиришини кўз олдимга келтирдим. Уларнинг қувончдан порлаган кўзларини тасаввур қилдим.
Бизга билдирилган ишонч учун Президентимга миннатдорчилик билдираман. Фурсатдан фойдаланиб, келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан юртдошларимиз, опа-сингилларимиз, оналаримизни муборакбод этаман.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА