Ойдиной опанинг қўғирчоқлари
Боланинг соғлом, дунёқараши кенг, юксак фазилатларга эга бўлиб улғайишида ўйинчоқ ва қўғирчоқларнинг аҳамияти катта.
8 март -Халқаро хотин-қизлар куни
Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи ҳунарманд Ойдиной Бурҳонова миллий мато, оддий ва зарарсиз буюмлардан қўғирчоқ тайёрлашда унинг бола саломатлиги ва маънавий оламига нечоғли фойда келтиришига аҳамият қаратади.

Болалар ўйинчоқлари – бу халқ ҳаётини акс эттирувчи, унинг маънавий қадриятларини асрлар давомида аждодлардан авлодларга етказувчи асосий бадиий воситалардан бири бўлиш баробарида муҳим тарбия воситасидир. Табиий хомашёдан тайёрланган қўғирчоқ саломатлик учун ҳам фойдали. Айниқса, эгнидаги атлас матоси, сочларининг ўрими ва бошидаги дўпписи ярашиб турган бежирим қўғирчоқ қиёфасидаги оддийлик ва соддалик бола психологиясига ижобий таъсир кўрсатади.
Ойдинойнинг мутахассислиги иқтисодчи бўлса-да, оиладаги ижодий муҳит ва қизиқиш уни қўғирчоқлар оламига олиб кирди.

Бу йўлда у кўп изланди, ўқиди. Отаси Муҳаммаджон аканинг чизган расмларию тавсиялари билан хаёлотида турли эртак қаҳрамонлари жонлана бошлади. “Зумрад ва Қиммат”, “Бўғирсоқ” сингари эртак қаҳрамонлари, миллий қўғирчоқлар барчага манзур бўлди. Ота-онаси каби болалигидан расм чизишни ёқтирадиган Ойдиной опа ҳайкалтарош, рассом ва дизайнер сифатида ўйинчоқ ясашга янгича услубда ёндашади. Бошқалар каби темир ва тугмадан фойдаланмайди, тоза пахта ва бўз матога таянади. Табиий, юмшоқ, қўлда тикилган кашта, сўзана билан безак берилган, қоғоз ва елимдан ясалган, миллий руҳ берилган пластмасса ўйинчоқлари мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларига шартнома асосида етказиб берилади.

– Қўғирчоқ яратиш чоғида, аввало, унинг миллийлиги ва нафислигига, либос ва бўёқларнинг сифатига алоҳида эътибор бериш керак, – дейди О.Бурҳонова. – Фарзандларимиз тажовузкор ғарбона ўйинчоқлар билан эмас, аксинча, юзида ибо-ҳаё, миллийлик уфуриб турган, инсоний туйғулар ифодаланган миллий қўғирчоқлар билан дўст бўлишини истардим. Шунинг учун қўғирчоқлар орқали халқимизга хос тантилик ва меҳнатсеварлик каби олижаноб қиёфаларни ифода этишга ҳаракат қиламан.
Айни кунда О.Бурҳонова хонадонидаги устахонасида фарзандлари – Искандар, Абдуқодир ва Мадинахон бу ҳунарни пухта эгаллаб, ўзлари ҳам мустақил равишда ўйинчоқлар ясамоқда.