ОТМларда хавфсизлик масалалари ўрганилмоқда
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари, полковник Акромхон Содиқов томонидан хавфсизлик масалалари ўрганилди.
Маълумки, олий таълим муассасаларида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва гиёҳвандлик каби иллатларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар идоралари вакиллари иштирокида мунтазам учрашувлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, олийгоҳлар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва тунги назоратни амалга ошириш учун талабалардан иборат кўнгилли «Қалқон» жамоатчилик гуруҳлари фаолияти кучайтирилган.

Ўрганиш давомида институтда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, профессор-ўқитувчилар, ходимлар ҳамда талабалар учун хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Шунингдек, мавжуд хавфсизлик ҳолати, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар ҳамда бу борада масъул ходимлар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим муассасасида хавфсизликни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда талаба-ёшлар учун тинч ва осойишта таълим муҳитини таъминлаш юзасидан тушунчалар берилди.
Г.Бобоева,
ЎзА