Ўткиржон Ирисов: 36 йил электр тармоқлари хавфсизлиги йўлида (+видео)
Касбга садоқат — ҳаёт йўли
Электромонтёрлик — бу шунчаки касб эмас, балки юксак масъулият, жасорат ва садоқатни талаб қиладиган ҳаёт йўлидир. Ана шундай фидойи инсонлардан бири — Ўткиржон Ирисов.
Ўткиржон Ирисов Поп туманида туғилиб ўсган. У 36 йилдан бери электр соҳасида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. Унинг меҳнат фаолияти асосан Поп туманининг тоғли ҳудудлари — Чодак, Хонобод, Олтинкон, Гулистон ҳамда Қамчиқ довонидаги электр тармоқлари билан боғлиқ. Ушбу ҳудудлар табиий шароити, иқлим кескинлиги ва рельефи билан бошқа жойлардан фарқ қилади.
Қаҳрамонимиз биринчи марта электр таянчига чиққан кунларини ҳали ҳам эслайди. Устозлари ўргатган касб қоидалари, хавфсизлик техникасига қатъий амал қилиши унинг бугунгача соғ-саломат меҳнат қилиб келишида асосий омил бўлган. Унинг фикрича, электрмонтер учун энг муҳим нарса — эҳтиёткорлик ва қоидаларга амал қилишдир.
Ўткиржон Ирисов учун Қамчиқ довонидаги ишлар алоҳида аҳамиятга эга. Унинг таъкидлашича, бу ҳудуддаги иш жараёнлари бошқа жойларга нисбатан анча мураккаб ва масъулиятли. Қаттиқ шамол, қалин қор, музлама ва тик тоғ йўллари электр тармоқларини доимий назоратда ушлашни талаб қилади.
Қаҳрамонимиз ҳаётида унутилмас хотиралар ҳам кам эмас. Жумладан, Қамчиқ довонида қалин қор ёққани сабабли Янги йилни иш жойида, навбатчиликда нишонлашга тўғри келган кунларини эслаб ўтади. У учун энг муҳими — аҳоли хонадонларида чироқ ўчмаслиги, электр таъминоти узлуксиз бўлишидир.
Ўз касби орқали Ўткиржон Ирисов фарзандларини улғайтирди, уларни оёққа қўйди, уйли-жойли қилди. Унинг ҳалол меҳнати ва фидойилиги давлат томонидан ҳам эътироф этилган — у бир неча бор тақдирланган.
Ўткиржон Ирисов ҳаёти ва меҳнат фаолияти кўплаб ёшлар учун ибрат мактабидир. Унинг йўли шундан далолат берадики, касбга садоқат ва ҳалол меҳнат инсонни ҳам жамиятда, ҳам ҳаётда юксак мақомга олиб чиқади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3WOtGFFwwZY" title="Kasbga sadoqat — hayot yo‘liO‘tkirjon Irisov: 36 yil elektr tarmoqlari xavfsizligi yo‘lida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тоҳир Турсунов, ЎзА