Оталар алимент пулини тўлаб берди
Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти Ромитан тумани бўлимида фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2013 йил 18 июндаги суд буйруғига асосан қарздор С.Зоировдан ундирувчи Ҳ.Камалова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун барча даромадларининг ¼ қисми миқдорида алимент ундириш ижро ҳужжати мавжуд.
Шу суднинг 2019 йил 25 мартдаги қарори билан қарздор С.Зоировдан ундирувчи Ҳ.Камалова фойдасига алимент миқдори топган даромадининг 1/6 қисмига мувофиқлаштирилган.
Тарафларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида Низом” талаблари тушунтирилди. Суднинг қарорига ижро ҳужжатининг ижро этиш усули ва тартиби ўзгартирилди.
Қонун моҳиятини тушуниб етган қарздор С.Зоиров ундирувчи Ҳ.Камаловага 2026 йил 1 июнгача бўлган 45,5 миллион сўм 5 йиллик алимент пуллари ундириб берилди.
Худди шундай, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2021 йил 26 январдаги қарорига асосан қарздор У.Бекмуродовдан ундирувчи Ш.Ҳамроева фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг 1/6 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Тушунтиришлар натижасида қарздор ва ундирувчи ўртасида алиментни пул маблағлари шаклида тўлаш тўғрисида келишувга эришилди ва ундирувчига 25 миллион сўм 3 йиллик алимент пуллари ундириб берилди. Бўлимда фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2012 йил 12 декабрдаги суд буйруғига асосан қарздор Б.Ражабовдан ундирувчи Н.Худойбердиева фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун 9,5 миллион сўм, қарздор И.Авезовдан ундирувчи Х.Холова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун 10,5 миллион сўм алимент пуллари ундириб берилди.
Когон туманида фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг қарорига асосан қарздор Т.Шароповдан ундирувчи Ш.Ҳожиева фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун 22,8 миллион сўм ҳамда Олот туманида фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг қарорига асосан қарздор М.Расуловдан ундирувчи Г.Чориева фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун 5 миллион сўм алимент пуллари ундириб берилди.
Зариф Комилов,
ЎзА