Ота-оналик — масъулият демак
«Масъулиятли ота-оналик» лойиҳаси — Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг масъулиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ташаббус.
Лойиҳа «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа ёш оилаларга фарзандни нафақат моддий таъминлаш, балки унинг жисмоний, ақлий ва руҳий ривожланишида онгли иштирок этиш кўникмаларини ўргатишни кўзда тутиши билан аҳамиятли.
Ота-оналар, соҳа учун масъул бўлган мутахассисларнинг оила олдидаги масъулиятини оширишда психологларнинг хизмати катта.

“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтида таянч докторантлар, докторантлар ҳамда мустақил изланувчилар учун “Психологик маслаҳат жараёнида мулоқот кўникмалари: фаол тинглаш, эмпатия ва оилавий мулоқотни самарали ташкил этиш амалиёти” мавзусида илмий-ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарнинг мақсади психологик маслаҳат ва оилавий ишлаш жараёнида самарали мулоқотнинг назарий асосларини чуқур англаш, фаол тинглаш ва эмпатия кўникмаларини ривожлантириш, оила ичидаги ҳамда эр-хотин ўртасидаги мулоқотни таҳлил қилиш, шунингдек, амалий фаолиятда соғлом ва конструктив мулоқот муҳитини шакллантириш бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Семинарда юртимиз ва хорижлик экспертлар томонидан институт изланувчиларига мулоқотнинг табиати, трансакцион таҳлил, фаол тинглаш, эмпатия, сўзли ва сўзсиз мулоқот, оила ичидаги мулоқот ҳамда эр-хотин ўртасидаги соғлом муносабатларни йўлга қўйиш масалалари юзасидан назарий ҳамда амалий маълумотлар тақдим этилди.
Амалий мисоллар асосида фаол тинглашнинг микрокўникмалари, тинглашга тўсқинлик қилувчи омиллар, эмпатия ва симпатия ўртасидаги фарқлар, оиладаги салбий мулоқот намуналарини аниқлаш ва уларни конструктив ёндашувлар билан алмаштириш йўллари кўрсатиб берилди. Семинар якунида иштирокчиларга психологик маслаҳат, оилавий муносабатлар ва илмий-амалий фаолиятда самарали мулоқотни йўлга қўйиш бўйича муҳим методик тавсиялар берилди.
Н.Усмонова,
ЎзА