Ота касби бешинчи авлодгача давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Бахмал туманидаги Маданият маҳалласи Тангали қишлоғида яшовчи Эргаш Хушбоқов қарийб олтмиш йилдан буён темирчилик билан шуғулланиб келмоқда. У отасидан мерос қолган ҳунарни нафақат давом эттирди, балки уни фарзандлари ва набираларига ҳам ўргатмоқда.
1947 йилда уста-чилангар оиласида туғилган Эргаш ота меҳнат фаолияти давомида темирчилик буюмлари тайёрлаш, турли асбоб-ускуналар ва уй-рўзғор жиҳозларини таъмирлаш билан шуғулланиб келди. Бугун ҳам у устахонасида фаолият юритиб, ёшларга касб сирларини ўргатишни давом эттирмоқда.
[gallery-30616]
— Темирчилик отамдан мерос қолган ҳунар. Энди унинг сир-асрорларини фарзандларим, невараларим ва чевараларимга ўргатяпман. Бугун бу ҳунар бешинчи авлодга ўтмоқда. Бу биз учун катта масъулият ва айни пайтда катта бахт, - дейди Эргаш Хушбоқов.
Отахон умр йўлдоши Нарбия момо билан саккиз нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Бугун уларнинг 30 нафар невараси ва 10 нафар чевараси бор. Оила аъзоларининг бир қисми ҳам ота касбини давом эттириб, устахонада меҳнат қилмоқда.
Кўп йиллик меҳнат тажрибаси ва ҳунарга садоқати билан Эргаш ота маҳаллада ёшлар учун ибрат мактабига айланган. Унинг фикрича, ҳунар авлоддан авлодга ўтиши орқали халқнинг меҳнат анъаналари ва миллий қадриятлари давомийлиги таъминланади.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА