“Осиё кубоги - 2027” Ўзбекистон терма жамоаси “В” гуруҳидан жой олди
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида жойлашган қадимий Дария харобалари фонида “Осиё кубоги - 2027” турнирига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Япония терма жамоаси собиқ юлдузи Хидетоши Наката, Саудия Арабистони терма жамоаси сардори Салим Ал-Довсари, Иордания терма жамоаси бош мураббийи Жамол Селлами ва Аёллар ўртасида Осиё кубоги ҳаками Жанубий кореялик Ким Ю-Жэонг бевосита иштирок этди.

Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси “В” гуруҳида Баҳрайн, КХДР ҳамда Иордания термалари билан баҳс олиб борадиган бўлди.
Қуйида қолган гуруҳлардан жой олган терма жамоалар билан танишасиз:
“А” гуруҳи: Саудия Арабистони, Кувайт, Ўмон ва Фаластин;
“С” гуруҳи: Эрон, Сурия, Қирғиз Республикаси ва Хитой;
“D” гуруҳи: Австралия, Тожикистон, Ироқ ва Сингапур;
“Е” гуруҳи: Корея Республикаси, БАА, Вьетнам ҳамда Ливан / Яман саралаш жуфтлиги ғолиби;
“F” гуруҳи: Япония, Қатар, Таиланд ва Индонезия.
Эслатиб ўтамиз, Осиё кубоги турнири 2027 йилнинг 7 январидан 5 февралига қадар Саудия Арабистонининг Риёд, Жидда ва Даммам шаҳарларида бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА