Осиё чемпионати Ўзбек боксининг янги авлоди етишиб келаётганлигини кўрсатди
Ўзбек бокс мактаби истеъдодли ёшлари билан ҳамиша халқаро майдонда ном қозониб келган.
Бир пайтлари катта рингга шиддат билан кириб келиб, ватанимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилган Карим Тўлаганов, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Руслан Чагаев, Шерзод Ҳусанов, Аббос Атоев, Лазизбек Зокировларнинг ғалабали юришини давом эттирган Ҳасанбой Дўсматов, Фазлиддин Ғойибназаров, Баҳодир Жалолов, Бектемир Мелиқўзиев, Лазизбек Муллажонов сингари ўнлаб донгдор боксчиларимизнинг янги авлоди бўй кўрсатаётганлигини яқинда Мўғулистонда якунланган Осиё чемпионати яна бир карра исботлади.
Мазкур чемпионатда қитъанинг 20 дан зиёд давлатидан ёш чарм қўлқоп усталари ғолиблик учун жанг олиб борган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумий ҳисобда 3 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақанинг шиддатли баҳсларида -65 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Фарғона давлат университети талабаси, 21 ёшли Абдуллоҳ Мадаминов том маънода чемпионат кашфиёти бўлди.
Саралаш жангларини муваффақиятли ўтказган Мадаминовнинг дастлабки жангларнинг бирида сингапурлик тажрибали боксчи Кэлан Кларкни уч марта нокдаунга тушириши Мўғулистон рингидаги энг шов-шувли жангларидан бири сифатида эътироф этилди.
Истеъдодли боксчимиз Осиё чемпионлиги учун финалда таиландлик Бунжонг Синсирига қарши жанг қилди.
Тўлиқ 3 раунд давом этган баҳсда ҳамюртимиз ҳакамларнинг якдил қарори билан 30:27, 30:25, 30:27, 29:27, 29:28 кўринишида, яъни 5:0 ҳисобида олтин медални қўлга киритди. Унинг шарафига олис Улан-Баторда Ўзбекистон мадҳияси янграб, ҳур байроғимиз сарбаланд бўлди.
Таъкидлаганимиздек, айнан қитъа чемпионати якунлари халқаро майдонда Ўзбекнинг енгилмас боксчиларининг янги авлоди Абдуллоҳ Мадаминов каби ёшлар тимсолида етишиб келаётганлигини намоён этдики, бу оққан дарё бундан кейин ҳам ўз шиддати ва виқорини кўрсатиб оқаверишидан далолат.
Истагимиз, Фарғонада камолга етиб, ўтган йиллар давомида Ислом бирдамлиги ўйинларида, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолибликка эришиши ортидан миллий терма жамоада ўз ўрнини мустаҳкамлаб келаётган Абдуллоҳдек чемпионларимизнинг муваффақиятли одими бардавом бўлсин.
Т. Рўзиев, ЎзА