Оролбўйи мактабларида янги ўқув йили бошланди
Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Нукус шаҳридаги 34-сонли мактабда билим олаётган ўқувчилар билан учрашиб, уларга янги ўқув йилида юксак марралар тилади.
Дастлаб, тадбир иштирокчиларига давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табриги ўқиб эшиттирилди.

Унда қайд этилишича, кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли Янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ана шундай муҳитда улғайиб, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, “Ай-ти”, ижодий изланишлар, спорт, жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ва устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизларимиз – бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиздир.

Тадбирда шу билан бирга, юртимизда барча соҳалар қаторида таълим тизимида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг чуқур билим олиши учун яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида кенг таъкидлаб ўтилди.
Бундан кейин мактабда билим бераётган ўқитувчилар билан мулоқот қилинди. Уларга миннатдорчилик билдирилиб, юртимиз ёшлари орасидан юқори натижаларга эришадиган ёшлар янада кўплаб етишиб чиқиши алоҳида тилга олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов Нукус шаҳридаги 46-сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлари бор умумий ўрта таълим мактабида Билимлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида иштирок этиб, ўқувчиларни, устоз ва мураббийларни янги ўқув йили бошланиши билан самимий муборакбод этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг янги ўқув йили муносабати билан мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Унда ёш авлодга билдирилаётган юксак ишонч, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, Ватанга муносиб фарзанд бўлиб вояга етиши учун яратилаётган имкониятлар алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, унинг сифат ва самарадорлигини ошириш, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчилар учун замонавий ва қулай шароитлар яратишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Зеро, таълимга йўналтирилган ҳар қандай эътибор мамлакатнинг келажагига киритилган энг муҳим сармоядир. Ёшларнинг пухта билим олиши, замонавий технологияларни эгаллаши, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқарашли ва ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилларидан биридир.
Тадбир давомида мактабларда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун яратилган шароитлар, таълим жараёнига замонавий ёндашувларни жорий этиш борасидаги ишлар билан ҳам танишилди. Айниқса, илк бор мактаб остонасига қадам қўйган жажжи ўқувчиларнинг ҳаяжон ва қувончга тўла нигоҳлари янги ўқув йилининг ўзига хос байрамона руҳини намоён этди.
Умуман, бу йил Оролбўйидаги 735 та умумтаълим мактабининг 1-синфига 38 минг 915 нафар ўқувчи қабул қилинди ва уларнинг барчасига Президент совғалари етказилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири