Орол бўйида ютуқли ўйинлар (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида онлайн назорат-касса техникасидан фойдаланишни оммалаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2026 йилнинг 1 июлидан бошлаб, эксперимент тариқасида айнан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида чакана савдо, умумий овқатланиш ҳамда хизмат кўрсатиш объектларида берилган харид чеклари асосида ютуқли ўйинлар ташкил этилади.
Хоразм вилояти солиқ бошқармаси мутахассиси Мухлиса Сувонова ЎзА мухбирига қўйидагиларни гапириб берди:
– Истеъмол маданиятини юксалтириш, савдо соҳасида шаффофликни таъминлаш ва яширин иқтисодиётга барҳам бериш бугунги даврнинг энг муҳим талабларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан юртимиз харидорлари учун мутлақо янги, кенг кўламли лойиҳага старт берилмоқда.
Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, эксперимент тариқасида айнан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида чакана савдо, умумий овқатланиш ҳамда хизмат кўрсатиш объектларида берилган харид чеклари асосида ютуқли ўйинлар ташкил этилади.
Ушбу ютуқли ўйинларнинг энг қувонарли ва бош соврини эса ҳар ойда ўйналадиган автомобилдир.
Ҳақиқатдан ҳам Қорақалпоғистон ва Хоразмда амалга оширилган оддий харид чеки сизни янги автомобиль эгасига айлантириши мумкин.
Ўйин иштирокчисига айланиш тартиби жуда оддий ва қулай. Бунинг учун ушбу икки ҳудуддаги исталган дўкон, кафе ёки хизмат кўрсатиш масканидан харидни амалга ошириб, онлайн назорат-касса техникаси чекини, яъни QR -кодли чекни талаб қилиб олишингиз кифоя. Сўнгра ушбу чекни Давлат солиқ қўмитасининг расмий “Солиқ” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказасиз. Иловада рўйхатдан ўтган ҳар бир чек автоматик равишда ўша ой учун ўйналадиган ютуқли ўйин иштирокчисига айланади ва бу ҳақда сизга реал вақт режимида хабар берилади.
Кўпчиликни қизиқтирадиган энг асосий жиҳат бу ўйиннинг адолатли ва шаффоф ўтишидир. Қарорга кўра, ғолиблар ҳар ой якунлангач, кейинги ойнинг 5-санасига қадар, ҳеч қандай инсон омилисиз, мутлақо электрон тизим орқали тасодифий танлаш, яъни рандом дастури асосида аниқланади.
Жараёнларнинг қонуний ва очиқ ўтишини махсус тузилган нуфузли комиссия назорат қилади. Ҳар ойнинг 10-санасида эса ғолибларни мукофотлаш тантаналари ҳудудий телеканаллар ҳамда Солиқ қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жорий этилган жонли эфирлар орқали бутун оммага кўрсатиб борилади.
<iframe width="560" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/Tu2FO21kUJk" title="Orol bo‘yida yutuqli o‘yinlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (видео) ЎзА мухбирлари