Ўқувчилар “Қўқон олимпиадаси”да беллашди
Термиз Давлат университетида “Қўқон олимпиадаси”нинг вилоят саралаш босқичи бўлиб ўтди. Унда Cурхондарё вилояти шаҳар ва туманларидан сараланган 400 дан ортиқ 5-11- синф ўқувчилари математика фани бўйича ўзаро беллашди.
Қўқон университети ташаббуси билан ташкил этилган мазкур билимлар беллашувида ўқувчилар Давлат тест маркази томонидан махсус тузилган 30 та тест саволига жавоб бериши талаб этилади.
Олимпиада жараёни адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун синовлар ўтказиладиган ҳар бир хонага назоратчи бириктирилиб, видео кузатув ҳам олиб борилди. Шунингдек, жараённи ота-оналар онлайн кузатиб бориш имконига эга бўлди.
[gallery-1257]
Олимпиада шартларига кўра, ҳар бир ҳудуддан 3 та гуруҳ бўйича 5 нафардан жами 15 нафар ғолиб республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Республика босқичи эса жорий йилнинг 13-14 март кунлари Қўқон университетида ўтказилади.
Ўз навбатида олимпиаданинг республика босқичи ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланади. Биринчи гуруҳ – 5-, 6-, 7-синф ўқувчилари, иккинчи гуруҳ – 8-, 9-синф ўқувчилари ўртасида биринчиликни қўлга киритган ғолибларга “Nexia” автомобили, учинчи гуруҳ, яъни 10-11-синф ўқувчилари ўртасида биринчиликни қўлга киритган ғолибларга эса “Cobalt” автомобили совға қилинади. Шунингдек, барча гуруҳлар бўйича биринчи 10 талик рўйхатидан жой олган номзодларга Қўқон университетида грант асосида ўқиш учун Инвестицион ваучер тақдим этилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат), ЎзА