Ўқувчилар ҳам фавқулодда вазиятларга тайёр бўлиши лозим
Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда фавқулодда вазиятлар вилоят бошқармаси ҳамкорлигида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда бундай ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган амалий тадбир ўтказилди.
Урганч шаҳридаги 13-сон умумтаълим мактаби биносида “Объектларда фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келганда ёки содир бўлганда ходимларни муҳофаза қилиш тадбирларини ташкил қилиш ва амалга ошириш” мавзусида махсус тактик ўқув машғулоти ташкил этилди.


Тадбирда бошқармалар ходимлари, ўқитувчилар билан бир қаторда ўқувчилар ҳам фаол иштирок этиб, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича зарур амалий кўникмаларга эга бўлди.
Машғулотлар давомида фуқароларни хавфсиз ҳудудга тартибли эвакуация қилиш, ёнғин ўчириш воситаларидан тўғри фойдаланиш, фавқулодда вазиятларда тезкор хизматлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш бўйича амалий машқлар бажарилди.


Ушбу жараёнларга тегишли ташкилотлар мутахассислари, ёнғин ўчириш техникалари ҳамда тез тиббий ёрдам бригадалари ҳам жалб этилди.
– Машқлар бошланганида озроқ ҳаяжонландик, – дейди мактаб ўқувчиси Дилшод Собиров. – Бироқ, қутқарувчи акалар бизга йўл-йўриқларни ўргатишди. Энди биз фавқулодда вазиятларда қандай йўл тутишни биламиз.


Мазкур тадбирлар таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини оширишга хизмат қилганлиги боис, ўқув машғулотларини босқичма-босқич вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказиш режалаштирилган.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА