Ўқотар қуроллар ва уларнинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати кучайтирилди
Мамлакатимизда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўқотар қуроллар ва уларнинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати кучайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигида “Ўқотар қуролларнинг муомаласи соҳасида давлат назоратини кучайтиришга қаратилган 2026 йил 1-ярим йиллиги давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури”нинг ижроси юзасидан ўтказилган танқидий йиғилишда шу ҳақда сўз юритилди.

Дастурнинг ҳар бир бандини сифатли ва ўз вақтида ижро этиш, соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш ҳамда уларнинг ечимларини ишлаб чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, йўналиш бўйича ишларни тизимли равишда ташкил этиш, ҳудудларда ўрганишларни ўтказиш, соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда рақамлаштириш бўйича асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида дастур ижроси бўйича таъсирчан сўров вa назорат ўрнатилиши ҳамда амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш лозимлиги яна бир бор таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги мувофиқлаштирувида Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура ҳамда бошқа ваколатли давлат органлари орасида йўлга қўйилган идоралараро мустаҳкам ҳамкорлик ва аҳоли орасида олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари ушбу йўналишдаги қонунбузарликларнинг олдини олиш, аниқланганларини тезлик билан бартараф этишда ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлар натижасида жорий йил бошидан буён ўқотар қуроллар муомаласи билан боғлиқ 200 дан зиёд ҳолат аниқланган.
Қуроллар асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбирлар натижасида аниқланган. Кўпчилиги эса тарғибот ишлари натижасида фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда топширилган.
Тадбирлар давомида аниқланаётган пневматик қурол ҳамда ўқ-дорилар ва бошқа ашёлар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ тартибда расмийлаштирилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА