“Оқлов” — адолат ва виждон масъулияти ҳақидаги саҳна асари
Ўзбекистон давлат драма театрида ички ишлар органлари ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган “Оқлов” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.
Унда ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров бошчилигида соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, Академия курсантлари ҳамда бўлажак ходимлар иштирок этди.
Спектакль Ислом Ҳамро асари асосида Ички ишлар вазирлиги буюртмасига биноан Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон давлат драма театри ҳамкорлигида саҳналаштирилган. Унда инсон тақдири, ноҳаq айбловнинг оғир оқибатлари ҳамда адолатни қарор топтириш масалалари бадиий талқин этилган.

Саҳна асарида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар мазмуни ўз аксини топган. Бош қаҳрамоннинг мураккаб ҳаёт йўли, ҳақиқат учун кураши ва руҳий кечинмалари томошабинларни инсон шаъни, виждон ва масъулият ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.
Спектаклда кўтарилган масалалар ички ишлар органлари ходимларининг кундалик фаолияти билан бевосита боғлиқ. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини унутмаслик, вазиятга холис ёндашиш ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш асарнинг асосий ғояларидан ҳисобланади.

Қаҳрамонларнинг танлови ва хатти-ҳаракатлари орқали ҳалоллик, мардлик ҳамда хизмат бурчига садоқат фазилатлари ёритилган. Бу, айниқса, бўлажак ходимларнинг танлаган касби масъулиятини чуқурроқ англаши ва инсон тақдирига дахлдор ҳар бир қарорга виждонан ёндашишида муҳим тарбиявий аҳамият касб этади.
“Оқлов” спектакли миллий ғурур ва садоқат инсон қадрини асраш, адолатни ҳимоя қилиш ҳамда хизмат бурчини ҳалол адо этишда намоён бўлишини эслатади. Зеро, инсонпарварлик ҳар бир ходим учун нафақат касбий талаб, балки виждон амри ҳам бўлиши лозим.
ЎзА