Ўқиш учун юртимизга келган хорижликлар сони 2,2 баробарга ошган
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш борасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Хусусан, олий таълим соҳасидаги туб ўзгаришлар, узвий ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда ўнлаб янги олий таълим муассасаси ташкил этилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди. Битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 8,8 фоиздан 2024-2025 ўқув йилида 47,7 фоизга етказилди.
Қувонарлиси, юртимиз олийгоҳларида ўқиш истагидаги хорижликлар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида 21 минг 42 нафар чет эл фуқаролари ўқиш мақсадида Ўзбекистонга келган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 11,5 минг нафарга ёки 2,2 баробарга ошган.
Мазкур даврда Ўзбекистонга ўқиш мақсадида келган чет эл фуқаролари сони мамлакатлар бўйича таҳлил қилинганда Туркманистон — 9 минг 207 нафар, Ҳиндистон — 3 минг 723 нафар, Тожикистон — 1 минг 915 нафар, Хитой — 951 нафар, Қирғиз Республикаси — 834 нафар, Покистон — 689 нафар, Миср — 603 нафар, Корея Республикаси — 526 нафар, Филиппин — 367 нафар, АҚШ — 302 нафар, бошқа давлатлар — 1 минг 925 нафарни ташкил этган.
Ушбу рақамлар мамлакатимизда олий таълимга қаратилаётган эътибор, илмий салоҳиятни юксалтириш, аҳолининг олий таълим билан қамровини ошириш борасидаги ислоҳотларнинг юксак самараси, дейиш мумкин.
М.Комилова,
ЎзА