“Оқ қалпоқ” байрами миллатлар дўстлигини яна бир бор намоён этди
Бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик қадриятлари қадимдан юртимизнинг энг катта бойликларидан бири бўлиб келган. Турли миллат ва элат вакилларининг бир оила бўлиб яшаши, уларнинг урф-одат ва анъаналари эъзозланиши эса бу заминда тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Ана шундай руҳда ўтказилган “Оқ қалпоқ” байрами ҳам халқимизнинг бирдамлигини яна бир бор яққол намоён этди.
Сирдарё вилояти Сардоба туманида Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази ва Сардоба туман ҳокимлиги ҳамкорлигида турли миллат вакиллари иштирокида “Оқ қалпоқ” байрами нишонланди.


Тадбирда сўзга чиққанлар “Оқ қалпоқ” қирғиз халқининг энг қадимий ва муқаддас миллий бош кийимларидан бири бўлиб, у нафақат кийим, балки авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадрият ва анъаналар рамзи эканини таъкидлашди.Шунингдек, Ўзбекистоннинг бағрикенг диёр, бу юртда барча миллат вакиллари учун тенг имкониятлар яратилгани, Ватан ҳар бир инсон учун азиз ва қадрли эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Бу каби байрамлар шунчаки маданий тадбир эмас, балки қалбларни яқинлаштирадиган, одамларни бир-бирига меҳр-оқибат руҳида боғлайдиган муҳим ижтимоий кўприкдир. Зеро, миллатлараро тотувлик бор жойда тараққиёт бўлади.
Н.Раҳмонова, ЎзА