Онкологик ёрдамни халқаро стандартлар асосида янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази эндиликда «Gustave Roussy International – Uzbekistan» лойиҳаси ва бренди остида ўз фаолиятини давом эттиради.
Тошкентда мазкур лойиҳанинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, бу янгиланиш мамлакатимизда соҳа ривожини таъминлаш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашда тарихий аҳамиятга эга.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида ўтган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов, Франциянинг Густав Русси онкология маркази бош директори Фабрис Барлези бошчилигидаги делегация ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Шунингдек, маросимда Ўзбекистоннинг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Ғаниев онлайн форматда, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук эса бевосита қатнашди.
Қайд этилганидек, ушбу лойиҳа Президентимизнинг ўтган йили Францияга амалга оширган тарихий давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида ҳаётга татбиқ этилмоқда. У юртимизда соҳани халқаро андозалар асосида модернизация қилиш, илғор клиник амалиётларни жорий этиш ва замонавий бошқарув тизимини шакллантиришга йўналтирилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур ҳамкорлик беморларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА