Оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳоким ўринбосари Ш.Султанова раҳбарлигида Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси билан ҳамкорликда соҳа мутахассислари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Айни кунларда Тошкент шаҳрида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, тадбирда қайд этилганидек, барча туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда алоҳида болалар бўлими ташкил этилди. Куну-тун ишлайдиган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари ва болалар анестезиология-реанимация бўлимлари очилди.

Ҳар бир туманда туғуруқ комплекси ва перинатал марказлар, аёллар маслаҳатхоналари томонидан йилига 50 мингга яқин ҳомиладор аёлга малакали тиббий хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Йиғилишда бу борада ишларни жадаллаштириш масалалари хусусида фикр мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид тавсияларига алоҳида эътибор қаратилиб тарғиботларни янада кучайтириш лозимлиги, ушбу мавзуда учраётган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш бўйича тегишли чоралар кўриш кераклиги айтиб ўтилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА