Омон МУХТОР: “Танланган асарлар”
Таниқли адиб Омон Мухторнинг “Танланган асарлар” китоби нашрдан чиқди.
Китобга адибнинг “Навоий ва рассом Абулхайр”, “Афлотун” ва “Аёллар мамлакати” романлари, “Қушлар ва тушлар”, “Шерлокс Холмс Бухорода ёхуд сирли қўлёзма тарихи” қиссалари, “Амир Алишернинг дарди” драмаси, йигирмадан зиёд ҳикоялари, адабий манзаралар, шеърлар ва таржималари кирган.
Мундарижанинг ўзи Омон Мухтор ижод оламининг ўзига хос рангларга бойлигини кўрсатиб туради.
Унинг “Йиллар шамоли” романи 1976 йилда нашр бўлган эди. 1989 йилда “Эгилган бош” романи ўқувчилар қўлига тегди.
Омон Мухторнинг романчилик борасидаги фаоллиги истиқлол йиллар намоён бўлди. Бу йиллар у “Минг бир қиёфа” (1994), “Ўлмаган жон” (1995), Кўзгу олдидаги одам” (1996), “Ффу” (1996), “Аёллар мамлакати ва салтанати” (1997), “Афлотун” (1998), “Бухоролик бир йигит” (1998), “Майдон” (1990). “Тепаликдаги хароба” (2000), “Ишқ аҳли” (2000), “Буюк фаррош” (2004), “Одамлар кулиши керак” (2008), “Хотин подшоҳ” (2010), “Муҳаббат ўлимдан кучли” (2010) каби романлари билан ўқувчилар эътиборини қозонди.
Омон Мухторнинг Ҳазрат Алишер Навоийга бағишланган трилогияси миллий адабиётимизда ўзига хос янгилик бўлганини академик Матёқуб Қўшжонов алоҳида таъкидлаб ўтган эди.
Китобдан адибнинг шеър, ғазаллари ҳам салмоқли жой олган.
Ким ёнсами ё куйса, гўзал ёри учундир,
Бағрида талотумли ҳаёт бори учундир.
Умрингдаги минг дарду алам гарчи муҳаббат,
У бўлмаса, кўзинг қораяр, дори учундир.
Тонг қушлари сайрар гулу боғ устида бадмаст,
Ошиқ аталар ноласи ҳам зори учундир.
Эй Шарқ, сеники “Чўли Ироқ”, дейми “Муножот”,
Дунё тирилар кўксидаги тори учундир.
Ёрингни таниб, севгил Омонликда ҳаётни –
Ҳаттоки, унинг ёмғирию қори учундир...
Китобга адабиётшунос Қозоқбош Йўлдош сўзбоши ёзган.
Умида Яхшибоева,
ЎзЖОКУ магистратурасининг 2-босқич талабаси