“Олтин изловчилар” ерга қандай эга бўлади?
Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишни истаганлар учун электрон онлайн-аукцион орқали 2019 йил апрелидан буён 191 та ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи реализация қилинган ва лицензиялар расмийлаштириб берилди. Бу рақамлар асосан Навоий ва Самарқанд вилоятига тўғри келмоқда.
Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишни истаганлар учун электрон онлайн-аукцион орқали 2019 йил апрелидан буён 191 та ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи реализация қилинган ва лицензиялар расмийлаштириб берилди. Бу рақамлар асосан Навоий ва Самарқанд вилоятига тўғри келмоқда.
Ушбу фаолиятга Президентимизнинг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асос бўлиб хизмат қилмоқда. Унга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган сочма олтин конлари тақдим этилиши ҳамда ушбу фаолиятни амалга ошириш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида реализация қилиниши белгиланган.
Шу тартибда “E-IJRO AUKSION” электрон майдончасида ўтказиладиган савдоларда ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун 10 кун муддатда лицензиялар беришнинг шаффоф механизми ишлаб турибди, –дейди Давлат геология қўмитаси мутахассиси Ш. Хидиров.
Ушбу лицензиянинг амал қилиш муддати 3 йил бўлиб, ер қаъри участкасининг бошланғич нархи 7,5 миллион сўм этиб белгиланган. Қазиб олинган қимматбаҳо металларни қабул қилиш учун Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари ва заргарлик корхоналарида кассалар фаолияти йўлга қўйилиб, нархлаш ва сотиб олиш механизми яратилди. Бунда хомашё нархи, қимматбаҳо металл миқдори ва уларнинг қайта ишлаш харажатлари ҳисобга олинади.
Айни вақтда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун 2020 йилда фойдаланишга бериладиган ер қаъри участкаларининг рўйхати шакллантирилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамаси фармойиши шаклида тасдиқланиши кутилмоқда.
Қайд этиш керакки, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти мамлакатимизда янги иш ўринларини ташкил қилиш ва тадбиркорликнинг янги йўналиши сифатида ривожланишига имконият яратади. Олтин изловчилар ердан фойдаланишининг 3 йиллик муддат тугагандан сўнг уларни қайта тиклаш ва захира фондига қайтариши шарт.